11:03 | 04.11.24

                       

Қаршида ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жанжал содир бўлди

Қаршида алегбра устози ва ўқувчи ўртасида жанжал содир бўлди. Ўқитувчи шогирдининг юзидан урган, қиз жавоб қайтармоқчи бўлганида улар ерга йиқилган (видео).

Қарши шаҳридаги мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида жанжал содир бўлди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.

Маълум бўлишича, шаҳардаги 32-сонли мактабда ўқитувчи ва ўқувчи ўртасидаги тортишув судда кўриб чиқилади. 17 октябрь куни мактабнинг алгебра ўқитувчиси М.М. ва 10 синф ўқувчиси Е.Ў. ўртасида жанжал келиб чиққан, ўқитувчи ўқувчини юз соҳасидан урган.

Аниқланишича, орадан сал ўтмай, ўқувчи қиз қўл кўтармоқчи бўлганида улар биргаликда ерга йиқилган. Ҳодиса бўйича Қарши шаҳар ИИБ томонидан текширув ўтказилган.

Текширув натижаларига кўра, ўқитувчи М.М. ва ўқувчи Е.Ў.нинг ҳаракатларига баҳо бериш учун иш судга юборилган. Ҳолат Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича кўриб чиқилади.

Шунингдек, бу масала Қашқадарё вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ҳамда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ҳам ўрганилмоқда. Қўшимча маълумотлар берилиши кутилмоқда.