9:57 | 14.08.24

                       

Қаршидаги сузиш ҳавзасида 18 ёшли йигит вафот этди

Қаршидаги сузиш ҳавзасида 18 ёшли йигит ток уриши оқибатида вафот этди.

Қашқадарё вилояти, Қарши тумани, Бешкентда жойлашган сузиш ҳавзасида 18 ёшли йигит вафот этди.

Қайд этилишича, 2006 йилда туғилган, асли Косон туманидан бўлган йигит Қарши шаҳрида яшаган. У жорий йилнинг 12 август куни тушдан сўнг, ўз яқинлари билан сузиш ҳавзасига борган. Йигит усти нам ҳолатда ток узатиш мосламасига келиб оёғини қўйган ва эҳтиётсизлиги оқибатида, уни ток урган.

Маълумотларга кўра, ҳодиса содир бўлган сув ҳавзаси ўз фаолиятини бошлаганига 2 ой бўлган.

«Чўмилиш жараёни бўлган. Анча вақт ўтган. Болани усти сув бўлган ва келиб телефонини зарядкага қўймоқчи бўлиб, устунга оёғини қўйган. Уни қисман ток урган деб тахмин қилябмиз. Ҳозир ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ишлар олиб борилмоқда», — деди сув ҳавзаси бошлиғи.

Воқеа содир бўлгандан сўнг марҳумнинг яқинлари тез тиббий ёрдам бўлимига қўнғироқ қилишган.

«Шу куни 18:30 ларда тез ёрдамга чақирув бўлган ва тез ёрдам машинаси 18:40 ларда воқеа жойига етиб борган. Шифокоримиз ўша ерда бемор юрагини ёпиқ массаж қилган, сунъий нафас берган. Тиббий ёрдамларга қарамасдан бемордаги клиник ўлим биологик ўлимга айланган. Бемор Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига олиб келинган. Текширувлар давомида унда тириклик аломатлари аниқланмаган», — деди Қарши туман тиббиёт бирлашмаси шифокори Икром Ҳайитов.

Шифокорнинг айтишича, йигит шифохонага олиб келинганда унда биологик ўлим ҳолат қайд этилган. Унинг кўз қорачиғи кенгайган ва унда юрак уриши аниқланмаган. Шунингдек, марҳум шифохонага олиб келинганда унинг танаси қорайиб, кўкариб кетган.

Айни пайтда ҳолат юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган. Қашқадарё вилояти ИИБ масъуллари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Сузиш ҳавзаси фаолияти эса вақтинча тўхтатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: