20:39 | 10.07.24

                       

Қашқадарёда 15 ёшли қизни уйида мажбуран 7 ой сақлаган аёл қамалди

Қашқадарёда 15 ёшли қизни уйида мажбуран 7 ой сақлаб келган аёл қамалди. У қизни турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаган.

Қашқадарёда вояга етмаган қизни жинсий алоқа қилишга жалб қилган аёл 7 йилга қамалди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, Қашқадарё вилояти Шахрисабз туманида яшовчи аёл Н.А. 2009 йилда туғилган қизни 2023 йилнинг май ойидан 15 ноябрь кунига қадар Хўжабоғ қишлогидаги уйида мажбуран сақлаб келиб, зўрлик ва таҳдид орқали уни турли шахслар билан жинсий алоқа қилишга мажбурлаб келган.

Болалар омбудсмани сўровига кўра, Бош прокуратура мазкур ҳолатни назоратга олган бўлиб, вилоят прокуратураси томонидан тузилган тергов гуруҳи жиноят иши юзасидан дастлабки терговни олиб борган.

Жиноят ишлари бўйича Шаҳрисабз туман судида вояга етмаган (2009 йилда туғилган қиз) га нисбатан содир этилган жинсий жиноятлар юзасидан ёпиқ тарздаги суд муҳокамаси бўлиб ўтди. 2024 йил 8 апрель куни суд ишни ҳар томонлама, холисона ўрганган равишда, мавжуд далиллардан ва иш учун аҳамиятли бошқа ҳолатлардан келиб чиқиб, судланувчилар айбли деб топилган.

Жумладан, судланувчи Н.А. (аёл) Жиноят Кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг «а,г» бандлари (Одам савдоси) ҳамда 127- моддасининг 3-қисми (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан 7 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум қилинган.

Судланувчилар А.Ф. (эркак) ва Ш.У. (эркак) Жиноят Кодексининг 118-моддаси 3-қисмининг «а» банди (Номусга тегиш), 135-моддаси 3-қисмининг «а,г» бандлари (Одам савдоси), 127-моддасининг 3-қисми (Вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) билан айбли деб топилиб, уларга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: