20:38 | 04.07.24

                       

Қашқадарёда эр-хотин уй олиш учун боласини сотиб юборди

Қашқадарёда эр-хотин уй олиш учун боласини сотиб юборди. Улар 8 кунлик чақалоқни 190 миллион сўмга сотган.

Қашқадарё вилоятининг Қарши туманида ўзларининг 8 кунлик қизини сотмоқчи бўлган эр-хотинга ҳукм ўқилди. Bugun.uz ҳолат юзасидан суд иши ҳужжатлари билан танишди.

Маълум бўлишича, Б.Қ. ўзининг 2024 йилда туғилган Х.Г. исмли қизини сотиш мақсадида, шаръий никоҳида бўлган аёли билан олдиндан жиноий тил бириктириб, бир гуруҳда қиз фарзанди борлигини, ўзларига турар жой сотиб олиш учун пул зарурлигини, фарзандини 190 миллион сўмга сотишини айтган.

5 март куни Қарши тумани «Мирмирон» маҳалласида жойлашган корхонадаги қоровулхонада 2024 йил 25 февраль куни туғилган қизалоқни 190 миллион сўмга сотиб, шундан 45 миллион сўм миқдоридаги пулларни олган вақтида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ашёвий далиллар билан ушланган.

28 июнь куни жиноят ишлари бўйича Қарши туман суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида мазкур иш кўриб чиқилди. Судда улар айбига тўлиқ иқрорлик билдирган. Суд ҳукмига кўра, ота Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисмининг «а» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди ва 5 йиллик қамоқ жазоси белгиланди. Онага эса 4 (тўрт) йил муддатга озодликни чеклаш жазоси белгиланди.

Ушбу ҳукм ҳали қонуний кучга кирмади.