17:39 | 11.08.24

                       

Қашқадарёда халқаро қурултойига бағишланган матбуот анжумани бўлди

Қашқадарёда экология ва туризм халқаро қурултойига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида «Ёшлар – келажак бунёдкорлари!» III экология ва туризм халқаро қурултойига бағишланган матбуот анжумани бўлди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Қайд этилишича, тадбирда Экология вазирлиги бўлим бошлиғи Зарина Абдуллаева, вазирлик бўлим бошлиғи Абдурашид Содиқов, Қашқадарё вилояти ҳокимининг туризм йўналиши бўйича ўринбосари Алишер Зокиров, Шаҳрисабз тумани ҳокими Самад Ҳасанов, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

«Экология ва туризм бир-бирига чамбарчас боғлиқ. Атроф-муҳитни тоза сақламай туриб сайёҳларни жалб қилиб бўлмайди. Шунинг учун бу галги қурултойда ёшларда экологик маданиятни янада шакллантириш, экологик билимларни мустаҳкамлаш, табиатга дахлдорлик ҳиссини кучайтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Қурултой дастуридан ўрин олган эко-квест, плоггинглар, интеллектуал ўйинлар ва бошқа тадбирлар ёшларни атроф-муҳитни асраб-авайлаш, эко-туризмни ривожлантириш каби мақсадлар йўлида бирлаштиради», — Зарина Абдуллаева.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Анжуманда қурултойда маҳаллий ва хорижлик ёшлар, хусусан, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон ва Туркманистон каби давлатларнинг ёшлари ҳам қатнашиши таъкидланди. Шунингдек, юртимизнинг ҳар бир ҳудудидан 56 нафардан иқтидорли, ижтимоий ҳимояга муҳтож, шу жумладан ногиронлиги бўлган ҳамда «Ёшлар дафтари»га киритилган ўқувчи, талаба ва ёшлар жалб этилгани маълум қилинди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Тадбир давомида юртимизда ички ва ташқи туризм ривожланиб бораётганлиги, сайёҳлар оқимида ёшларнинг ҳажми сезиларли даражада ошаётгани, ўз навбатида бу борадаги муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилаётганлиги қайд этилди.

Матбуот анжумани якунида журналистларнинг саволларига батафсил жавоб берилди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Бундан ташқари, «Сиз эко-қонунларни биласизми?» кўрик-танлови ўтказилган. Экология вазирлиги ва Бош прокуратура ҳузуридаги эко прокуратура бошқармаси томонидан ташкил этилган танловда қурултой иштирокчиларидан шакллантирилган жамоалар ўз ҳудудлари номидан иштирок этди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Танлов «Бу бизнинг ҳудуд», «Интеллектуал ринг» ва «Экология учун барчамиз масъулмиз!» шартлари асосида ўтказилди. Иштирокчилар И шартда ўз ҳудудларининг экологик ҳолати, экомаданияти, ҳудуд экологиясини яхшилаш учун қилинаётган ишлар, ёшларнинг экологияга бўлган муносабатини очиб беришди. Иккинчи шартда эса жамоалар белгиланган вақт давомида экологик, ижтимоий, сиёсий ва ҳуқуқий саволларга жавоб беришди. Учинчи шартда Республикамиз экологиясини асраб-авайлашга қаратилган, ёшлар орасида экомаданиятни тарғиб қилишни кўзда тутган, плоггинг лойиҳаси мазмун-моҳиятини очиб берадиган ибратли саҳна кўринишлари тақдим қилинди.

Фото: Экология вазирлиги матбуот хизмати

Танловни ўтказишдан мақсад жамиятда ёшларнинг экологияга оид ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириб бориш, қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустаҳкамлаш, шунингдек, ёшларни Конституция ва бошқа қонун ҳужжатларига ҳурмат руҳида тарбиялаш, миллий ҳуқуқ тизимига ҳурмат муносабатини шакллантириш, ёшларнинг ҳуқуқий тарбиясига салбий таъсир кўрсатувчи омилларига нисбатан ҳуқуқий иммунитетни шакллантириш, қонун бузилиши ҳолатларига муросасизлик ҳиссини уйғотишдир.

Танлов ғолиблари қурултой якунида эълон қилинади ва муносиб тақдирланади. Қурултой 13 августгача давом этади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: