11:35 | 09.08.24

                       

Қашқадарёда лифт шахтасидан аёл жасади топилди

⚡️Қашқадарёда шифохонадаги лифт шахтасидан 36 ёшли аёл жасади топилди (видео).

Республика тез-тиббий ёрдам илмий марказининг Қарши шаҳар филиалига қарашли эски темирйўл шифохонасида фаолият юритувчи тиббиёт ходими лифт шахтасидан ўлик ҳолда топилди. Бу ҳақда «Марказий студия» кўрсатувида маълум қилинди.

Маълумотларга кўра, шифохонада «санитарка» бўлиб ишловчи аёл иш фаолияти давомида шифохона биносидаги лифтдан фойдаланишга уринган. Аммо лифт носозлиги боис унинг шахтасига тушиб кетган.

«Тушга яқин у лифтдан фойдаланиш учун эшигини очган. Тахминларга кўра, лифт носозлиги сабабли 36 ёшли аёл лифт шахтасига тушиб кетади», дейилади хабарда.

Масъулларнинг маълумот беришича, бу лифт мутахассис иштирокида фақатгина оғир беморларга хизмат кўрсатган.

Аёл ишда кўринмай қолгани боис ҳамкасблари унинг шу шифохонада ишлайдиган синглисига хабар берган. Натижа бўлмагач, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга хабар берилган. 20 соатдан ортиқ қидирувлардан сўнг, 2024 йилнинг 4 август куни 36 ёшли аёл лифт шахтасидан ўлик ҳолда топилган. Воқеадан сўнг ушбу лифтдан фойдаланиш чеклаб қўйилган.

Қўшниларига кўра, марҳуманинг 3 нафар фарзанди бўлган. Турмуш ўртоғи Россияда ишлайди. Айни пайтда Қарши шаҳар ИИББ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: