16:45 | 11.09.24

                       

Қирғизистон президенти ўзбекистонлик тренерга машина совға қилди

Қирғизистон президенти миннатдорчилик тариқасида ўзбекистонлик тренерга машина совға қилди.

Қирғиз Республикаси президенти Садир Жапаров ўзбекистонлик бокс мураббийи Акмал Ҳасанов билан учрашиб, унга Мунарбек Сейитбекнинг Париждаги Олимпия ўйинларидаги ғалабасига қўшган ҳиссаси учун миннатдорлик белгиси сифатида Chevrolet Tracker автомобилини совға қилди.

Президент Ҳасанов билан суҳбатда унинг ҳаракати Қирғизистон ва Ўзбекистон халқларининг дўстлиги ва бирлигини тараннум этганини алоҳида таъкидлади.

«Марказий Осиё халқлари бир-бирини қўллаб-қувватлаб, ҳамжиҳатлик, дўстона муносабатларни намоён этишини бутун дунё кўрди. Спорт тинчлик элчиси деб аталади. Сиз ўз намунангиз билан ўзаро тотувликни мустаҳкамлашга ҳисса қўшдингиз. Бирлигимиз янада мустаҳкамланишини тилайман».

Фото: Акипресс

Президентнинг қайд этишича, Ҳасанов қирғизистонлик боксчига айни вақтида ёрдам берган.

«Аждодларимиз, ота-боболаримиз миннатдорчилик белгиси сифатида от совға қилганлар. Ҳозирда машина совға қилиш одат тусига кирган бўлса-да, анъана руҳи ўзгаришсиз қолмоқда – бу беқиёс хизматлари учун ҳурмат ва миннатдорлик ифодасидир», — дея қўшимча қилди давлат раҳбари.

Фото: Акипресс

Шунингдек, Жапаров Париж Олимпиадасида ўзбекистонлик спортчиларнинг юксак натижалар кўрсатганини ҳам таъкидлаб ўтган.

Акмал Ҳасанов самимий сўзлар учун миннатдорчилик билдириб, Сейитбек уулу билан йиғинларда кўп марта учрашганини, шунинг учун ҳеч иккиланмай унинг мураббийи бўлишга қарор қилганини айтди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: