11:00 | 13.06.24

                       

Қорақалпоғистонда машина уриштирганлар жазоланди

Қорақалпоғистондаги тўй кортежида машина уриштирганлар жазоланди. Улар 200 доллар эвазига ким ўзарга ўйнаган (видео).

Қорақалпоғистон Республикаси ИИВ ижтимоий тармоқларда тарқалган тўй кортежи видеоси юзасидан маълумот берди.

Ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Кегейли туманида ўтказилган тўй маросимида ҳайдовчилар йўл талашиб, машиналарини бир-бириники билан тўқнаштиргани акс этган видеолавҳа тарқалди.

Маълум қилинишича, 12 июнь куни Кегейли туманида яшовчи, 22 ёшли А.Н.нинг никоҳ тўйи ўтказилган. Куёв Нукус шаҳрида жойлашган «Караван сарай» тўйхонасидан Mercedes машинасида тўй сайлига чиққан. Тўй кортежида жами 9 та машина Нукус шаҳридан Кегейли туманига қараб ҳаракатланган.Фуқаро А.Н. тўй сайли бошланишидан олдин ким у ўтирган машина орқасидан биринчи бўлиб етиб борса, ўша ҳайдовчига 200 доллар беришини ваъда қилган. Тўй сайлида қатнашган машиналар ҳайдовчилари кортеж Кегейли туманига етиб келгач, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимасдан, туманнинг Нурли қуёш кўчасида куёв ўтирган Mercedes ортидан йўл талашиб, бир-бири билан тўқнашган.

Ҳолат бўйича олиб борилган суриштирув ишлари давомида тан жароҳати олган фуқаролар аниқланмаган. Тўй сайлида иштирок этган 9 та машина жарима майдонига қўйилиб, ҳайдовчиларга маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.

Ҳозирда ҳайдовчиларга нисбатан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 183-моддаси (майда безорилик) бўйича маъмурий иш қўзғатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: