10:00 | 26.08.24
Қозоғистонда эркак вояга етмаган жиянларига жинсий зўравонлик қилди. У акаси ва келин ойиси вафот этганидан кейин қизларни васийликка олган.
Қозоғистонда ўзбекистонлик икки вояга етмаган жиянига уятсиз, бузуқ ҳаракатлар қилган эркак ушланганди. Болалар омбудсмани берган маълумотларга кўра, қизлар мамлакатга қайтарилган.
Таъкидланишича, 6 июнь куни болалар омбудсманига 2000 йилда туғилган аёл А.А.дан мурожаат келиб тушган. Унда онаси ва отаси вафот этгани, у 2006 ва 2012 йилда туғилган сингиллари учун энг яқин қариндош бўлса-да, қизлар амакисининг васийлигига берилганини, амакиси эса қизларни Қозоғистонга олиб кетгани, ҳозирда уларга уятсиз бузуқ ҳаракатлар қилаётганини билдирган.
Аёл ўз сингилларига жинсий зўравонлик содир этаётган амакисига нисбатан қонуний чора кўришни ҳамда сингилларини Ўзбекистонга қайтариш ҳамда энг яқин қариндош эканли сабабли қизларга уни қонуний вакил этиб тайинланишида амалий ёрдам сўраган.
Болалар омбудсманининг ИИВга ва ТИВ орқали Ўзбекистоннинг Олмаота шаҳридаги бош консулига юборган сўрови асосида идораларнинг тизимли ва ўзаро тезкор чоралари натижасида 8 июнь куни қизлар амакисининг уйидан полиция ва васийлик органи томонидан олиб кетилиб, мураккаб ижтимоий вазиятларга тушиб қолган болаларни қўллаб-қувватлаш Олмаота шаҳри адаптация марказига жойлаштирилган.
Жиноят иши доирасидаги улар билан боғлиқ барча тергов ҳаракатлари ўтказилиб бўлганидан сўнг жорий йилнинг 24 август куни қизлар Ўзбекистонга қайтарилди ва Тошкент шаҳар вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилди.
«Шу кунларда қизларнинг опасини уларга васий этиб белгилашга оид ҳужжатлар расмийлаштирилиши жараёни кетмоқда. Шунингдек, амакисига нисбатан дастлабки тергов тамомланиб, материаллар жиноят ишлари бўйича тегишли туман судига юборилди», дейилади хабарда.