15:59 | 08.08.24
Қуйичирчиқда эр ва қайнона ногирон аёлнинг икки ёшли боласини тортиб олди. Улар 8 ойдан бери она ва боланинг кўришишига тўсқинлик қилмоқда.
Ижтимоий тармоқларда Қуйичирчиқда ногирон аёлнинг боласи тортиб олингани ҳақида хабарлар жойлаштирилди. Бу ҳақда МИБ ахборот хизмати раҳбари Фаррух Тошпўлатов хабар Bugun.uz’га маълум қилди.
Таъкидланишича, Фуқаролик ишлари бўйича Қуйичирчиқ туманлараро судининг ижро варақасига асосан жавобгарлар С.Х. ва М.Ю. га нисбатан, даъвогар Н.Ю. фойдасига 2022 йилда туғилган Зайнаб исмли фарзандини онаси тарбиясига олиб бериш ҳақидаги ижро ҳужжати Бюронинг Қуйичирчиқ туман бўлими иш юритувига келиб тушган.
Мазкур ижро ҳужжати шу куни «Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида»ги Қонуннинг 23-моддасига асосан ижро ишини қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, тарафларга юборилган.
«Бўлим давлат ижрочиси томонидан мажбурий ижро ҳаракатларини олиб бориш мақсадида, 05 август куни мажбурий ижро тайинланган бўлиб, ижро ҳужжатида кўрсатилган манзилга борилганда, олиб берилиши лозим бўлган вояга етмаган Зайнаб уйида йўқлиги сабабли, ижро ҳаракатлари кейинга қолдирилиб, бу ҳақида тегишли тартибда далолатнома расмийлаштирилган.
Шундан сўнг, мазкур ижро иши бўйича Фуқаролик ишлари Тошкент вилояти судининг 08.08.2024 йил кунги ажримига асосан ижроси вақтинча тўхтатилган. Суд томонидан қарор мазмуни ўзгартирилиб, давом эттириш белгиланган тақдирда, фарзандни онаси олиб бериш бўйича ижро ҳаракатлари давом эттирилади», дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, аёл қайнонаси ва эрининг тайзиқига учраб уйдан ҳайдалган. Қайнона ва эр унинг икки ёшли қизини тортиб олиб, учрашишга тўсқинлик қилмоқда.
У боласини қайтариб олиш мақсадида маҳалла, ички ишлар, туман ва вилоят фуқаролар судига, МИБ ва Республика хотин-қизлар қўмитасига мурожаат қилган. Аёл 2-гуруҳ ногирони, унинг қўлида бир яшар фарзанди қолган – тўнғич қизи билан эса саккиз ойдан бери кўришолмаяпти.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: