10:01 | 11.08.24

                       

Қулоқлар орасидаги лимфа тугунлар ҳақида маълумот берилди

«Лимфа тугунлари яллиғланиши инфекциянинг танага кирганлигини англатади». Қулоқлар орасидаги шишган лимфа тугунлар ҳақида маълумот берилди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати қулоқлар орасидаги шишган лимфа тугунлари юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, лимфа тугунининг қаерда жойлашгани ва шишиши муҳим эмас: қулоқ орқасида ёки бўйин — барча ҳолларда беморга дарҳол тиббий ёрдам зарур.

«Лимфа тугунлари бактериялар, микроб ва турли токсинларни зарарсизлантирувчи биологик фильтр ҳисобланади. Уларнинг яллиғланиши эса инфекциянинг танага кирганлигини англатади», — деди мутахассис.

Соғлом ҳолатда лимфа тугунлари жуда юмшоқ бўлиб, уларни пайпаслаш қийин. Бироқ улар яллиғланганда қаттиқлашиб, катталашади. Бу ҳолат кўпинча қўшни органлардаги муаммолар билан боғлиқ. Хусусан, паротид тугунларининг яллиғланиши асосан қуйидаги касалликларда кузатилади:

  • ривожланган кариес, милк ва оғиз тўқималарининг яллиғланиши;
  • ташқи ёки ички эшитиш йўлларининг яллиғланиши (отит, тубоотит, фурункул ва бошқалар);
  • ОИВ инфекцияси;
  • шамоллаш деб аталадиган юқумли касалликлар (грипп, ЎРВИ, фарингит, ларингит, тонзиллит ва ҳоказо).

Лимфа тугунларининг яллиғланиши кўпинча ўткир вирусли инфекциялар фонида пайдо бўлади. Жумладан, у бурун оқиши билан бирга келади. Аммо, бу аломатлар иситма, кучли оғриқ, қулоқ соҳасидаги шиш, шунингдек аста-секин йиринглаш билан кечса, беморда лимфаденит ривожлана бошлайди. Бу эса тугуннинг ўзи яллиғланганлигини англатади. Ушбу ҳолат эса ўз вақтида даволанишни талаб этади.

Касалликка тўғри ташхис қўйиш ва даволаниш учун мутахассис энг биринчи навбатда лимфа тугунларининг кенгайиш даражасини аниқлаш мақсадида уни диққат билан пайпаслаб кўради. Агар яллиғланиш вирусли касалликдан келиб чиққан бўлса, биринчи навбатда вирусга қарши чоралар қўлланилади.

Шифокор кўрсатмасисиз лимфа тугунларига иссиқ компресс қўйиш мумкин эмас. Чунки у инфекциянинг организмга янада кенг тарқалишига сабаб бўлади.

«Унутманг, лимфа тугунларининг яллиғланиши жиддий касалликларнинг дастлабки огоҳлантирувчи белгисидир. Шу боис бундай ҳолларда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш лозим», — дейилади хабарда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: