12:18 | 28.08.24
Uzbekistan Airports Рақобат қўмитаси Нукус аэропортига нисбатан иш қўзғатганига муносабат билдирди.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси танлов савдоларида қонун талабларига риоя қилинмагани юзасидан Нукус халқаро аэропортига нисбатан иш қўзғатганди. Uzbekistan Airports ҳолатга муносабат билдирди.
2024 йил июль ойида Нукус халқаро аэропорти аэропорт биноси фасадида Uzbekistan Airports логотипи туширилган “Нокис халиқаралиқ аэропорти” ва Nukus International Аirport светодиодли ёзувларни ишлаб чиқиш бўйича энг яхши таклиф учун танлов ўтказган.
Танловда еттита компания иштирок этган ва барча меъзонлар бўйича баҳолаш натижаларига кўра 16 июль куни “Уснатдин Замира Ок” компанияси ғолиб, “Қажимухан Сейилхан” МЧЖ эса захира ғолиби деб топилган.
Ғолиб эълон қилингандан сўнг танловда иштирок этган “Бес Қала Строй” компанияси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасига Нукус халқаро аэропорти томонидан ноҳақ танлов ўтказилгани ҳақида ариза билан мурожаат қилган.
Бошқа иштирокчилардан фарқли ўлароқ, бундай LED ёзувларни ишлаб чиқаришда умуман тажрибага эга бўлмаган ушбу компания баҳолаш давомида етарли миқдордаги балларни тўплай олмаган.
Ушбу ҳолат тафсилотларини аниқлаш жараёнида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси энг яхши таклифларни аниқлаш давомида иштирокчиларни баҳолаш тизими бўйича ўз кўрсатмаларини берган.
“Шуни таъкидлаш керакки, қўмита томонидан Нукус аэропортига нисбатан (маъмурий, иқтисодий, жиноий) ҳеч қандай суд иши қўзғатилмаган”, дейилади муносабатда
Қайд этилишича, қўмитанинг барча тавсиялари аэропорт томонидан ижро учун қабул қилинган.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: