18:30 | 13.01.22 3387

Рейтинг. Интервьюлар, мотивация ва инсонлар ҳаёти — энг кўп обуначига эга ўзбек YouTube каналлари

Бугун сиз билан ушбу онлайн видео улашиш майдонидаги ўзбекча каналлар ҳақида гаплашамиз

Агар сиз доимий интернет фойдаланувчиси бўлсангиз, YouTube сизнинг яқин дўстингизга айланиб улгурган бўлиши тайин. Мазкур онлайн платформанинг ватани Америка бўлиб, унга 2005 йилда асос солинган. YouTube тармоғи ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларни келтириш мумкин, бироқ бугун сиз билан ушбу онлайн видео улашиш майдонидаги ўзбекча каналлар ҳақида гаплашамиз. Хўш, YouTube’нинг ўзбек контентида қандай фойдали, қизиқарли ва савияли йирик лойиҳалар мавжуд? Бугунги рейтингимиз шу ҳақда.

Фото: «How to Geek»

1. «Intervyu Tv» — 2017 йил тармоқда рўйхатдан ўтган ушбу канал муаллифи журналист Феруз Муҳаммад бўлиб, унда (канал маълумотлар бўлимида ёзилишича) журналист томонидан ташкиллаштирилган интервьюлар, суҳбатлар, кинога оид лойиҳалар каби маълумотлар бериб борилади. Канал 1,1 миллион обуначига эга. Унда жами 535 та видеоконтент жойлаштирилган бўлиб, шу кунгача жами кўришлар сони 210 миллион мартага яқиндир.

2. «AmirxonOFF» — «Менинг юртим» телеканали бош продюсери, «Ёш журналистлар» НТМ мактаби директори Амирхон Умаровнинг шахсий каналида муаллиф иштирокидаги шоулар тақдим этиб борилади. Мазкур YouTube канали 994 минг обуначига эга, унда шу кунга қадар 454 та видео тақдим этилган. 2018 йил июнь ойида рўйхатган ўтган лойиҳанинг умумий кўришлари сони 157 миллион мартага яқиндир.

3. «Муҳаммадали Эшонқулов» канали — табдиркор Муҳаммадали Эшонқуловнинг YouTube каналида, каналнинг ахборот қисмида ёзилишича, бизнес оламидаги янгиликлар, устозлардан ўгитлар, ёшлар учун фойдали маслаҳатлар бериб борилади. Канал 2020 йилда рўйхатдан ўтган, 457 мингдан ортиқ обуначига эга. 615 та видео жойланган, умумий кўришлар сони 33 миллион мартадан ортиқроқдир.

4. «MFaktor» — лойиҳа ҳақида унинг асосчиларининг ўзлари шундай ёзишади: «Ўзбекистонда бизнес муҳитини янгилаш ва кенгайтириш, тадбиркорликка оид билимларни фаол тарғиб қилиш, тажрибали инсонлар ва бизнесга энди кириб келаётганлар ёки муаммоларига ечим излаётганлар ўртасида кўприк бўлувчи илм платформаси». Лойиҳага ака-ука тадбиркорлар — Ҳасан ва Ҳусан Мамасаидовлар томонидан асос солинган. 324 минг обуначига эга каналга бугунга қадар 1,2 мингдан ортиқ видео юкланган. Лойиҳа 2017 йилда YouTube’да рўйхатдан ўтган. Умумий кўришлар сони 28 миллион мартадан ортиқ.

5. «Osmondagi Bolalar» — «ҳаётнинг пасту баландига қарамасдан ўз шижоат-ғайрати билан юқори марраларни забт эта олган, ёшларга чинакам мотивация ролини бажариб берадиган инсонларни самимий суҳбат орқали ўзида жам қилган янги интерактив кўрсатув». 278 минг обуначига эга мазкур каналда 115 та видеоматериал мавжуд. 2020 йилда рўйхатдан ўтган каналда умумий кўришлар сони 13 миллион мартага яқинни ташкил этади.

6. «Subyektiv» — журналист Жамшидхон Зиёхонов муаллифлигидаги мазкур каналда субъектив фикрлар акс этган бир-биридан қизиқарли кўрсатувлар бериб борилади. Лойиҳанинг, айниқса, лўлилар, судмедэкспертиза ходимлари ҳақидаги ноодатий видеолари анчайин машҳурликка эришди. Канал 165 минг обуначига эга, жойланган видеолар сони эса атиги 19 та. 2020 йилда рўйхатга олинган лойиҳанинг умумий кўришлари сони 8,7 миллион мартадан ортиқроқ.

7. «Business Invest» — Ислом Иброҳим бошчилигидаги мазкур YouTube канали фойдали маълумотлар, бизнес ва психологияга оид билимлар ҳамда ўз бизнесини бошламоқчи бўлганларга моддий ва маънайив ёрдам бериш учун ташкил қилинган, деб ёзилади канал «био»сида. 81,5 минг обуначига эга лойиҳа шу кунгача ўз обуначиларига 432 та видеоматериални тақдим этган. 2020 йил рўхтадан ўтган, умумий кўришлар сони — 6,2 миллион мартадан зиёд.

8. «Inson» — «Ҳар бир касб ортида инсон бор». Ўзбекистондаги одамлар ва касблар ҳақидаги мазкур канал ҳам ёш лойиҳалардан. 63,5 минг обуначига, 82 та видеоматериалга эга. Рўйхатдан 2020 йилда ўтган каналда кўришлар сони 3,6 миллион мартадан ортиқроқдир.

9. «Yo‘l bor» — ёш журналист Абдураҳмон Умаров лойиҳаси. Унда турли мавзуларда қизиқарли маълумотлар, интервьюлар ва бошқа бир қанча сифатли ахборотлар бериб борилади. Обуначилар сони — 60,8 минг. Видеоматериаллар сони — 66 та. Рўхатдан 2020 йил ўтган ушбу YouTube канали кўришлари сони 1,5 миллион мартадан ортиқдир.

10. «Xurmo» — таржимонлик ва овоз бериш студиясининг YouTube’даги канали. «Биз YouTube блогерларининг видеоларига овоз берамиз ва уларни таржима қилиш билан шуғулланамиз. Асосий мақсадимиз — YouTube’да ўзбек тилидаги видеолар сонини кўпайтириш ва ўзбек тилида мулоқот қилувчи аҳолини жалб қилиш» дейилади лойиҳа маълумот қисмида. Лойиҳада қизиқарли, креатив ва фойдали видеоматериаллар талайгина бўлиб, уларнинг сони 164 тага тенгдир. 59,5 минг обуначига эга канал 2020 йилда рўйхатга ўтган. Жами кўришлар сони 3,3 миллион мартадан ортиқроқдир.

Бундан ташқари, YouTube’нинг ўзбек контентида «Xay Mayli» (51,2 минг обуначи), «Умид Гафуров» (38,4 минг обуначи), «Teacher A’zam» (32,7 минг обуначи), «Ular» (19 минг обуначи), «Texnoplov» (11,3 минг обуначи) каби янги ўсиб келаётган бир-биридан қизиқарли, фойдали ва албатта, сермазмун каналлар, кўрсатувлар ва лойиҳалар мавжуд.

Эътибор берган бўлсангиз, юқорида номи тилга олинган лойиҳаларнинг аксарияти 2020 йилда рўйхатга олинган ёш лойиҳалардир. Демак, бундан ўзбек медиачилари айнан шу йилдан бошлаб YouTube’нинг кўлами ва актуаллигини янада яхшироқ илғай бошлаганлар деган хулосага келиш мумкин.

Агар қайсидир лойиҳа ҳақида унутган бўлсак, бизни тўлдиринг. Бизда эса ҳозирча шулар. Ўзбек тилидаги фойдали лойиҳалар кўпайсин деб қоламиз. Яна рейтинглашгунча!