19:01 | 27.10.23

                       

Россия президенти Путин вафот этганлиги ҳақида хабарлар тарқалди

Кремл эса бу хабарларни рад этувчи суратларни эълон қилди.

Бугун ижтимоий тармоқларда Россияда давлат тўнтаришига уриниш бўлаётгани, мамлакат президенти Владимир Путин шу йилнинг 26 октябр куни кечқурун Валдайдаги қароргоҳида вафот этгани ҳақда хабарлар тарқалди. Унга кўра, Москва вақти билан соат 20:42 да шифокорлар реанимацияни тўхтатишган ва Путиннинг ўлимини эълон қилишган. Президентнинг жасади турган хона эса тўсиб қўйилган.

Бироқ, Кремл бугун, 27 октябр куни Россия президенти Владимир Путин Хавфсизлик кенгашининг доимий аъзолари билан видеоконференцалоқа режимида тезкор йиғилиш ўтказганлигини маълум қилди. Бу бўйича Кремл бир қанча суратларни ҳам эълон қилган.

Фото: Россия президенти матбуот хизмати

Йиғилишнинг кун тартибига мамлакат ҳудудида қурол савдоси билан боғлиқ масалалар ва бу бўйича юзага келаётган саволлар ҳамда Россиянинг мудофаа тизимини таҳлил қилиш масаласи қўйилган.

Фото: Россия президенти матбуот хизмати

Унда Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко, Давлат думаси раиси Вячеслав Володин, хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ва котиби Николай Патрушев, ички ишлар вазири Владимир Колокольцев, мудофаа вазири Сергей Шойгу ва бошқа расмийлар иштирок этган.

«Бугун бизда қурол савдоси юзасидан кўплаб саволлар туғиляпти. Биз Россия ҳудудига қуролларнинг ноқонуний кириб келишига чек қўйишимиз керак» деган Путин.

Мамлакатнинг расмий порталидан олинган бу хабарлар ва суратлар Россия президентининг вафот этганлиги тўғрисидаги хабарларни рад этмоқда.