Россия янгича ядровий сувости кемаларини қуради — Шойгу
Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу мамлакат ҳарбий салоҳиятини ошириш учун янги қуроллар яратаётганини маълум қилди.
Бугун, 15 сентябр куни Россия Федерацияси Мудофаа вазири Сергей Шойгу Россияда урушдаги вазиятни ҳам, Россиянинг халқаро ҳарбий даражасини ҳам тубдан ўзгартириб юборадиган ҳарбий қуроллар ишлаб чиқилаётгани ҳақида хабар берди. Бу ҳақда ТАSS нашри ёзмоқда.

Владивостокдаги Россия Тинч океан флоти штаб-квартирасида бўлиб ўтган йиғилишда Сергей Шойгу Россия ҳарбий-денгиз флоти учун сувости ҳарбий кемалари ва бошқарувчисиз сувости қурилмалари, шунингдек, робот тизимлари учун янги концепциялар ишлаб чиқилаётганини маълум қилди.
«Бугунги кунда биз кўп мақсадли ядровий сувости кемалари, робот тизимлари ва бошқарувчисиз сувости қурилмаларини лойиҳалаш бўйича фаол иш олиб боряпмиз,» — деган Шойгу йиғилишда.
Маълумот ўрнида, ҳозирда Сергей Шойгу Россиянинг Узоқ Шарқидаги Приморе вилоятида амалий ташриф билан бўлиб турибди. У Болшой Камен шаҳридаги «Звезда» сув ости кемасозлик заводида ва Арсеневдаги «Прогресс» вертолёт заводида давлат харидлари бўйича шартномаларнинг бажарилишини текширган.
Кейинроқ, Россиянинг олий ҳарбий доиралари Узоқ Шарқдаги ҳарбий саноат корхоналарининг ишлаб чиқариш натижаларини сарҳисоб қилиш учун Россия Тинч океани флоти штаб-квартирасига борган.