12:42 | 13.09.23

                       

Россияда йил бошидан буён 9-марта ҳарбий самолёт ҳалокатга учради

Экипаж аъзолари ҳалок бўлган.

Россиянинг Волгоград вилоятида Су-24 бомбардимончи самолёти ҳалокатга учради, Бу ҳақда «РИА Новости» хабар берди.

Фото: Wikimedia

Қайд этилшича, самолёт режалаштирилган ўқув парвозини амалга ошираётганда чўл ҳудудга қулаган, унда ўқ-дорилар бўлмаган. Воқеа жойига қидирув-қутқарув хизматининг Ми-8 вертолётлари етиб борган. Ҳалокат Калачевский туманида, Ложки фермасидан беш километр узоқликда юз берган. Самолётнинг иккала йўловчиси – командир ва навигатор ҳалок бўлгани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, улар ҳалокат вақтида катапулта қилишга улгурмай қолган.

Кеча, 12 сентябр куни бомбардимончи самолёт радарлардан йўқолиб қолган. Бир соат ўтиб эса у Ложки фермаси яқинига қулаб тушгани маълум бўлган. Айни пайтда 46 ёшли командир ва 34 ёшли штурманнинг жасадини қидириш ишлари олиб борилаётгани айтилган.

Маълумот учун, бу 2023 йил бошидан буён Россия ҳудудида қулаган тўққизинчи жанговар самолёт ҳисобланади. Бундан аввал, 12 август куни Су-30 қирувчи самолёти ҳалокатга учраганди. Экипаж аъзолари эса ҳалок бўлган. Феврал ойи бошида Су-25 самолёти жанговар топшириқни бажариб, Белгород вилоятида ҳалокатга учраган, учувчиси эса ҳалок бўлган. Апрел ойида Мурманск вилоятида МиГ-31 қирувчи самолёти ҳалокатга учраган, бортдагилар қутилиб қолишга муваффақ бўлган. Май ойида Брянск вилоятида Россия Ҳарбий-ҳаво кучлари ҳаво гуруҳи, жумладан, Ми-8 вертолётлари, Су-34 қирувчи-бомбардимончи ва Су-35 қирувчи самолёти ҳалокатга учради. Ҳодиса оқибатида 9 киши ҳалок бўлди. Шунингдек, 24 июн куни Воронеж вилоятида «Вагнер» қўзғолони пайтида Россия Аэрокосмик кучларининг Il-22М самолёти уриб туширилди. Барча 10 экипаж аъзоси ҳалок бўлди. Июл ойида Камчатка вилоятида МиГ-31 қирувчи самолёти ҳалокатга учради, Су-25 ҳужумчи самолёти эса Ейск яқинида Азов денгизига қулади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: