23:48 | 07.08.24
Россияда мигрантлардан 30 фоизгача даромад солиғи ундирилиши мумкин. Бир гуруҳ депутатлар патент нархини 4 баробар оширишни таклиф қилган.
Леонид Слуцкий бошчилигидаги ЛДПР фракцияси Россияда патент асосида ишлаётган чет эл фуқаролари учун даромад солиғи ставкасини 30 фоизгача оширишни таклиф қилувчи қонун лойиҳасини тайёрлади. Бу ҳақда «Известия» хабар берди.
«Қонун лойиҳаси концепцияси хорижий фуқароларга нисбатан солиқ тизимининг асосий параметрларини қайта кўриб чиқиш ва ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги кенг кўламли миллий муаммоларни ҳал қилиш учун Россия бюджет тизимининг даромадларини кўпайтириш зарурлигига қаратилган», дейилади хабарда.
Росстат маълумотларига кўра, 2022 йилда Россияда ишлаш учун рухсатнома олган хорижий фуқаролар сони 2,1 миллион кишини ташкил этган, улардан 2 миллиондан ортиғи меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун патентга эга бўлган. 2023 йилда ҳам бу кўрсаткич шу рақамларга деярли яқин бўлган.
«Россия Солиқ кодексида солиқ резиденти бўлмаган жисмоний шахслар томонидан олинган барча даромадлар учун 30 фоиз солиқ ставкаси назарда тутилган. Шу билан бирга, патент асосида меҳнат фаолияти билан шуғулланадиган чет эл фуқароларининг даромадлари ушбу меъёрнинг талабларига боғлиқ эмас. Белгиланган даромадга нисбатан солиқ ставкаси прогрессив солиқ шкаласига мувофиқ белгиланади», дейилади қонун лойиҳасида.
Муаллифлар бу қоидага тузатиш киритишни таклиф қилмоқда.
«Сўнгги йилларда кўпроқ хорижликлар Россияга ишлаш учун келишга ҳаракат қилмоқда. Бугунги кунда мигрантларнинг деярли учдан икки қисми патент бўйича ёлланма ишчи бўлиб ишлайди ва улар топган пулларини оиласига жўнатади. Аммо биз чет эллик мутахассисларнинг даромади Россия бюджети учун ишлаши керак, деб ҳисоблаймиз», деди Леонид Слуцкий.
Унинг сўзларига кўра, бу бюджетни қўшимча даромадлар билан тўлдириш имконини беради, бу даромадлар шаҳар ва қишлоқларни ривожлантириш, жумладан, болали оилаларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа ижтимоий аҳамиятга эга соҳаларни амалга оширишга йўналтирилади.
Давлат Думаси депутатлари аввал ҳам бир неча бор чет эллик меҳнат мигрантлари учун шахсий даромад солиғи миқдорини оширишни таклиф қилишган. 2023 йил августида «Справедливая Россия» партиясидан бир гуруҳ депутатлар Давлат Думасига мигрантлар учун патент нархини 4 баробар оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳасини киритди. Кейинроқ ЛДПР фракцияси депутати Ярослав Нилов ҳам мигрантлар учун мажбурий тўловларни оширишни таклиф қилди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: