15:05 | 27.10.23
Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, 25 киши қатнашган муштлашувда қурол ҳам ишлатилган.
Россиянинг Кемерово шаҳридаги Кузбасс давлат қишлоқ хўжалиги академияси ётоқхонасида 25 киши иштирокидаги муштлашув юз берди. Bugun.uz’даги маълумотларга кўра, можарога қиз сабаб бўлган ва унда қатнашганлардан камида икки нафари Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари бўлган.
Жанжал 2023 йилнинг 24 октябр куни тахминан соат 22:15 да содир бўлган. Муштлашувда қатнашганлардан 20 нафари Кузбасс давлат қишлоқ хўжалиги академиясининг талабалари бўлган. Улар 50-сонли талабалар турар жойи ёнида тўпланган. Маҳаллий Telegram-каналларда бу воқеа ўтган аср 90 йилларидаги ҳолатни эслатиб юборгани айтилади. Гувоҳларнинг таъкидлашича, аввалига бир гуруҳ талабалар ётоқхона олдида йиғилиб, ниманидир муҳокама қила бошлаган. Гуруҳ аъзоларидан баъзиларининг қўлларида бейсбол биталари бўлган. Кейинроқ яна бир гуруҳ уларнинг олдига келиб, сигнал пистолетидан ўқ уза бошлаган.
Полиция эртасига можаро қатнашчиларидан 10 нафарининг шахсини аниқлаган, шунингдек, 100 дан ортиқ гувоҳни сўроқ қилиб, 4 кишини ҳибсга олган. Аниқланишича, жанжал ўзбекистонлик 22 ёшли талаба билан 19 ёшли тожикистонлик талаба ўртасида келиб чиққан. Иккала талаба ҳам Кузбасс давлат қишлоқ хўжалиги академиясининг биринчи босқичида ўқийди. Можаро эса шу олийгоҳнинг биринчи босқичида ўқийдиган қиз сабабли келиб чиққан. Жанжал вақтида жанговар бўлмаган қуролдан ўқ узган одамнинг ҳам шахси аниқланган ҳамда унинг қуроли мусодара қилинган. Унга кўра, Кемерово шаҳридаги «Доски» тунги клубида қўриқчилик қилувчи 19 ёшли Россия фуқароси сигнал тўппончасидан тўрт бор ўқ узганини тан олган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Россия жиноят кодексининг 213-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: