Россияда ўзбекистонлик эркак икки ёшли фарзандини калтаклади
Оқибатда бола руҳий касалликка чалинган.
Россиянинг Камчатка ҳудудида 26 ёшли Ўзбекистон фуқароси вояга етмаган фарзандини калтаклашда айбланмоқда.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, 2022 йилнинг сентябр ойида Елизовский туманида 26 ёшли эркакнинг хотини уйидан чиқиб кетган. У эса маст ҳолда икки ёшли фарзанди билан бирга ёлғиз қолган. Гўдак уйғониб, йиғлай бошлаганида ғазабланган эркак унинг бош ва бир неча тана аъзоларига урган. Кейинроқ калтакланиш оқибатида болада стресс билан боғлиқ руҳий касаллик келиб чиққани аниқланган. Шифокорлар буни соғлиқ учун жиддий хавф сифатида баҳолаган.
Айни пайтда эркак Россия Жиноят кодексининг 111-моддаси 2-қисми билан айбланмоқда. Айби тасдиқланса, у 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.