11:30 | 08.09.23

                       

Россияда ўзбекистонлик эркак юк машинасида бир гуруҳ велосипедчиларни уриб юборди — видео

ЙТҲ оқибатида 2 нафар қиз ҳалок бўлган, 8 киши жароҳатланган.

Россиянинг Ленинград вилоятида КамАЗ юк автомобили бошқарувидаги ўзбекистонлик эркак бир гуруҳ велосипедчилар ва эскорт машинасини уриб юборди. Бу ҳақда Санкт-Петербург полицияси матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Санкт-Петербург полицияси

Қайд этилишича, ҳодиса кеча, 7 сентябр куни маҳаллий вақт билан 10:40 Виборг шаҳридаги «Скандинавия» трассасининг 60-километрида содир бўлган. 31 ёшли ҳайдовчи бир гуруҳ велосипедчиларни кузатиб бораётган ўзидан олдинги эскорт машинасига тўқнашиб кетган. Спортчилар орасида 14-15 ёшли ўсмирлар, шунингдек, уларнинг 69 ёшли мураббийи ҳам бўлган. Тўқнашув оқибатида икки нафар қиз ҳалок бўлган, 7 бола ва мураббий эса тан жароҳати олган.

Фото: Санкт-Петербург полицияси

Барча жабрланганлар тиббиёт муассасаларига етказилган. Санкт-Петербург губернатори Александр Бегловнинг сўзларига кўра, қизлардан бири аллақачон операция қилинган ва у айни пайтда реанимацияда.

КамАЗ ҳайдовчисининг бошқарувни йўқотгани сабаблари номаълум. «Фонтанка» манбасига кўра, ҳайдовчи Россияда қонуний ишлаётган Ўзбекистон фуқароси бўлган. Санкт-Петербург полицияси унинг сўроқ қилингани ва ҳибсга олинганини таъкидлади.

«Зарба шунчалик кучли эдики, двигател учиб кетди. Ҳайдовчининг тезлигини баҳолаш қийин, эҳтимол у чалғиган, ухлаб қолган ёки касал бўлиб қолган. Ҳайдовчи жабрланмади, у машинадан тушди, лекин ҳеч кимга яқинлашмади, менимча, у шокда эди», – дейди воқеа гувоҳларидан бири.

Ҳодисадан сўнг «Скандинавия» шоссесидан Виборг шаҳри томон ҳаракатланиш бутунлай тўсиб қўйилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этаётгани маълум қилинган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: