8:19 | 03.09.24
Россиядаги касалхонада 5 ойлик ўзбекистонлик чақалоқ ота-онасиз қолиб кетди. Боланинг онаси шифохонага пул тўланмагани сабабли олиб келолмаётганини айтди.
Бухоролик аёл Россияда операция қилинган 8 ойлик чақалоғини шифохонага пул тўламагани сабабли мамлакатга олиб келолмаётганини айтди.
Болалар омбудсманига Бухоро вилоятида яшовчи аёл мурожаат қилган. Аёл ва турмуш ўртоғи Россияда бўлиш муддати тугагани сабабли 2024 йилнинг 28 апрель куни Ўзбекистонга қайтиб келишга мажбур бўлгани, аммо 5 ойлик фарзанди М.З. (жорий йилнинг 25 январда туғилган қиз бола) Санкт-Петербург шаҳридаги болалар шифохонасида ота-она ғамхўрлигисиз ёлғиз қолганини билдирган.
Шунингдек, ҳозирда даволаш жараёни тугаган бўлса-да, аёл фарзандини Ўзбекистонга олиб келиш моддий имконига эга эмаслигини билдириб, болани қайтаришда амалий ёрдам сўраган.
Унинг фарзанди туғилиш вақтидан аввал ва жуда кичик вазнда бир неча юрак касалликлари билан туғилиб, шу сабабдан туғилганидан бери Санкт-Петербургдаги мазкур муассасада шифокорлар назорати остида бўлган ва даволаш жараёнида юрагига операция қилинган.
Шу билан бирга, касалхона маъмурияти билдиришича, боланинг 8 ой давомида даволаниши муолажалари ва операция учун ота-она томонидан тўлов амалга оширилмаган. Санкт-Петербург шаҳридаги ўзбек диаспораси қизалоқнинг даволаниши учун касалхонага тўланиши керак бўлган пулнинг бир қисмини тўплаган бўлса-да, зарур маблағни тўплашга ҳали анча вақт керак бўлиши мумкин.
Боланинг шифохонада тиббий муолажалари учун тўлов қисқа фурсатда Ўзбекистон йирик тадбиркорларидан бўлган ҳомий томонидан тўлаб берилди. Болалар омбудсмани Санкт-Петербургдаги қизалоқни Ўзбекистонга тез фурсатда қайтарилиши юзасидан зарур чоралар кўриш учун ТИВ ва ИИВга сўров киритди.
Шунингдек, даволанишдан кейин бола ҳали тўлиқ тикланмагани ва авиақатнов пайтида соғлиғида кузатилиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олиш мақсадида Болалар омбудсмани Соғлиқни сақлаш вазирлигига болани Ўзбекистонга олиб келишда махсус шифокор ҳамроҳлик қилишида амалий кўмак берилишига оид сўров юборди ҳамда мазкур жараён юзасидан кузатув олиб бориб, боланинг оиласи билан доимий алоқада бўлди.
1 сентябрь куни Санкт-Петербург шаҳридан ватанга қайтарилган 14 нафар бола қаторида М.З. Ички ишлар вазирлиги вакиллари ва шифокорлар ҳамроҳлигида Ўзбекистонга олиб келинди ва ота-онасига топширилди. Эндиликда Бухоро вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг вилоят бошқармаси томонидан боланинг соғлиғини сақлашга ва оилага ижтимоий кўмак кўрсатишга оид чоралар кўрилади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: