Саида Мирзиёева Термиздаги IТ оромгоҳида таҳсил олган қизларни тақдирлаш тадбирида иштирок этди
Бу IT оромгоҳи қизларнинг ўзларига бўлган ишончларини уйғотишда муҳим қадам бўлди, — дейди Саида Мирзиёева
Бугун, 12 июн куни Термиз шаҳридаги 13- ва 26-умумтаълим мактабларининг IТ oромгоҳида таҳсил олган ўқувчи қизларга сертификат топшириш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди.
Саида Мирзиёева тадбир у учун муҳим воқеа бўлганини таъкидлаб, қуйидагича изоҳ берди.
Биринчидан, қизлар замонавий IT соҳасининг сир-асрорини эгаллаётганини кўриб, қалбим қувончга тўляпти. Бу IT оромгоҳи қизларнинг ўзларига бўлган ишончларини уйғотишда муҳим қадам бўлди.
Иккинчидан, ёшлар учун янги имкониятлар очаётган бундай оромгоҳлар, тўгараклар, ўзига хос курслар мамлакатимиз Президенти раҳбарлигида таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасига мисолдир, — деди Саида Мирзиёева.
Саида Мирзиёева икки мактаб ўқувчилари орасида афғонистонлик қизларнинг ҳам борлигини таъкидлаб, уларнинг таълим олиш орзулари Ўзбекистонда амалга ошаётганидан хурсандлигини билдирди.
Шунингдек, иккала мактаб ўқувчилари орасида афғонистонлик қизлар бўлиб, улар ҳам ихтисослаштирилган оромгоҳда таҳсил олишган. Қўшни мамлакатда таълим олмоқчи бўлган қиз-аёллар қандай қийинчиликларга дуч келишини ҳаммамиз яхши англаймиз. Мен Ўзбекистон уларнинг бир неча нафарига бўлса-да, орзуларини рўёбга чиқаришга ёрдам бераётганидан фахрланаман.
Бугун қўлига сертификат олган ҳар бир қиз ҳаётда юксак марраларни забт этишига, ўзини юқори малакали мутахассис сифатида намоён этишига умид қиламан ва ишонаман. Орзуларингиз рўёбга чиқсин, сингилларим, — дейди Саида Мирзиёева.