16:10 | 05.10.23

                       

Самарқандда аҳволи ёмонлашган Кевин Спейсининг соғлиғи ҳақида маълумот берилди

Актёр кинофестивал ёпилиш маросимининг эртасигаёқ ватанига қайтиб кетган.

Аввалроқ Самарқанд шаҳрида ўтказилган «Ипак йўли дурдонаси» XV Тошкент халқаро кинофестивалининг ёпилиш маросимида америкалик машҳур актёр Кевин Спейсининг аҳволи ёмонлашиб, шифохонага тушиб қолгани ҳақида хабар берилганди. Кинофестивал матбуот хизмати унинг ҳозирги ҳолати ҳақида хабар берди.

Фото: Shutterstock

Спейси ёпилиш маросимида сўзга чиқиб, таассуротлари билан ўртоқлашган ҳамда соғлиғи ёмонлашгани ҳақида айтган.

«Ким тинчликни севмайди? Тараққиётга келсак, мен кеча суратга олиш майдончасида бўлдим ва бу ердаги профессионаллик даражаси мен иштирок этган бошқа суратга олиш майдонларининг ҳеч биридан кам эмас. Максимал сай-ҳаракатлар амалга оширилмоқда, шунинг учун бугунги натижалар етти йил олдин бўлганидан жуда фарқ қилади. Таълим? Фестивал давомида бўлиб ўтган ўнлаб ажойиб маҳорат дарсларини кўринг ва баҳо беринг. Бу ёш киноижодкорларга ўзини ривожлантириш учун янги тажрибаларни олиш имконини берди. Бу қанчалик муҳимлигини биламан. Мен ҳам ёш бўлганман ва шу орқали тажриба ортирганман. Ёшлигимда, кинони илк бор кашф қилганимда, мени мафтун этган таниқли киноюлдузларга қарардим. Бу ерда қилаётган ишларингиз, айниқса, аҳолининг 60 фоизини ташкил этувчи ёшлар учун жуда муҳим. Бугун бу ерда таниқли режиссёрнинг фильмлари намойиш этилганда, ҳатто қоронғу бурчакда ўтирган ўғил ёки қиз ҳам уларни томоша қилишдан илҳом олади. Фестивалнинг мазмун-моҳияти ҳам шундан иборат», – дейди у.

У кинофестивал мисолида Марказий Осиё мамлакатлари бирлашаётганини таъкидлаб ўтган:

«Сиз амалга ошираётган шундай ажойиб лойиҳангиз билан фахрланишингиз керак ва бугун бу саҳнада сиз билан бирга туриш мен учун катта шараф», – деган актёр.

Айнан шу ерда Спейси бутун дунё жамоатчилигини хавотирга солаётган соғлиги ҳақида маълумот берган, шунингдек, Самарқанд тиббий хизматини ҳам юқори баҳолаган.

«‘Афросиёб’ музейи деворидаги фрескаларга қараб, бирдан чап қўлим қотиб қолди. Мен ҳамроҳлик қилаётган одамларга нима бўлаётганини айтдим. Менга дарҳол тиббий марказга боришни маслаҳат беришди. Сафардан кейин ярим кунни турли тиббий кўриклар билан ўтказишни кутмагандим. Менга ғамхўрлик қилган шифокорлар жуда эҳтиёткор эди ва улардан миннатдорман. Нафақат ушбу тарихий шаҳар, балки бу ерда жойлашган ажойиб, замонавий тиббиёт муассасаси мавжудлиги учун ҳам хурсанд бўлдим. Шундай қилиб, менда ҳаммаси яхши кечди», – деган Спейси.

Бундан ташқари, актёр «Марказий Осиё киноси» танлови совриндорларини тақдирлаш маросими ҳамда мухлислар билан суратга тушишларда шахсан ўзи иштирок этган. Ёпилиш маросимининг эртаси куни (3 октябр) бир гуруҳ кинофестивал иштирокчилари билан биргаликда Кевин Спейси ҳам ‘Афросиёб’ тезюрар поездида Тошкентга етиб келган ва шу куннинг ўзида пойтахтдан ватанига жўнаб кетган.

Тошкент халқаро кинофестивали Ахборот хизматининг маълум қилишича, ҳозирда Кевин Спейсининг аҳволи яхши. Шунингдек, актёр хорижий ва маҳаллий нашрларда айтилганидек Тошкентда эмас, балки Самарқандда соғлигида ноқулайлик сезганини билдирган.