14:48 | 17.06.23 8282

Самарқандда эркак хотинидан ўч олиш учун уч фарзандини ўлдирди

Ҳолат бўйича вилоят прокуратураси тергов олиб бормоқда

Самарқандда эркак Исроилга ишлаш учун кетган хотинидан қасос олиш учун уч нафар фарзандини пичоқлади. Бу ҳақида Бош прокуратура матбуот котиби Хаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Воқеа 16 июн куни содир бўлган. Эркак хотини билан телефонда гаплашаётганда у билан жанжаллашган. Кейин хотинидан қасос олиш учун у 10, 12 ва 13 ёшли уч фарзандини (2 нафар ўғил, 1 нафар қиз) ошхона пичоғи билан пичоқлаган. Шундан сўнг, ўзини ўлдирмоқчи бўлиб, кўкрагига пичоқ билан уриб, жароҳат етказган. Ҳозирда у шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган.

Ушбу ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноий иш очилган. Вилоят прокуратураси тергов олиб бормоқда.