Самарқандда Янги италян филмлари фестивали бошланди
Очилиш маросимида «Марко Полонинг Ўзбекистонга сафари» филмидан парча намойиш этилди.
Бугун, 1 ноябр куни Самақанд шаҳрида N.I.C.E. (New Italian Cinema Events) янги италян филмлари фестивали бошланди. Фестивал «Евроосиёни ўрганамиз» халқаро ассоциацияси ва Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги билан биргаликда ташкил этилган XVI Верона Евроосиё иқтисодий форумининг маданий дастури доирасида ўтказилмоқда.


Бугун бўлиб ўтган форумнинг очилиш маросимида Кинематография агентлиги директори Фирдавс Абдухолиқов, N.I.C.E. итальян фильмлари фестивали раҳбари Вивиана Дел Бянко, «Евроосиёни ўрганамиз» халқаро ассоциацияси директори Антонио Фаллико ва бошқалар сўзга чиқиб, ушбу фестивалнинг икки давлат ўртасидаги алоқаларда тутган ўрни ҳақида гапирди.


Шунингдек, Вивиана Дел Бянкога Тошкент халқаро кинофестивалининг статуэткаси топширилди. Антонио Фалликога эса ўзбек чопони ва дўпписи тақдим этилди. Шунингдек, Италия делегацияси аъзоларига эсдалик совғалари топширилди.

Очилиш маросими давомида «Марко Полонинг Ўзбекистонга сафари» филмидан қисқа ролик намойиш этилди. XV Тошкент халқаро кинофестивалида Италия делегациясининг иштироки ва италян фильмларида кийилган костюмлар кўргазмаси алоҳида таъкидланди. Маросим сўнггида «Узоқ йўл» филми намойиш этилди. Шунингдек, фестивал доирасида, «Аманда» («Amanda»), «Келажак қуёши» («Il col della avvenire») филмлари италян тилида ва ўзбекча субтитрларда намойиш этилади.


Маълумот учун, фестивал ташкил этилганига 30 йилдан ошган бўлиб, 1988 йил АҚШда, 1993 йилда эса Россияда дебют қилган. N.I.C.E. уюшмаси юқори сифатдаги дебют италян филмларини экспорт қилувчи илк ташкилотлардан бири ҳисобланади ва кўп йиллар давомида чет элда энг муҳим кинофестивалларни ташкил қилиб келган.


Ушбу ассоциациянинг мақсади фестиваллар ва маданий алмашинувлар ташкил этиш орқали чет элда янги итальян фильмларини тарғиб қилишдир.

Фестивалнинг яна бир мақсади – кино орқали маданий хилма-хилликнинг қийматини кўрсатиш. Фестивалда намойиш этиш учун синчиклаб танланган итальян киноижодкорларининг бадиий, қисқа метражли ва ҳужжатли филмлари Италия ҳаёти ва маданияти ҳақидаги ҳикояларнинг ҳақиқий кўзгуси экани эътироф этилмоқда.