18:13 | 17.07.24

                       

Самарқандда 13 ёшли болани занжир билан боғлаган собиқ ИИБ ходимига суд ҳукми ўқилди

Самарқандда 13 ёшли болани занжир билан боғлаган собиқ ИИБ ходимига суд ҳукми ўқилди. Жиноятчи 4 йилга озодликан маҳрум қилинган.

Самарқандда 13 ёшли бола Damas машинасида занжирбанд топилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу жиноятни содир этган шахсга суд ҳукми ўқилди.

Маълум бўлишича, Самарқанд вилояти Пахтачи туманида Сарой МФЙ 2-уйда яшовчи собиқ ИИБ ходими Х.Ш. кейинчалик Пахтачи тумани «Қалқон – жасорат ҳарбий спорт мактаби»да ўқитувчи лавозимида ишлаган.

Занжирга боғлаб қўйилган бола эса ота-онасидан айрилган бўлиб, Пахтачи туманидаги «Қалқон – жасорат ҳарбий спорт мактаби» 6-синф ўқувчиси Ш.Ш. ўғли эканлиги, Ш.Х. унинг устози эканлиги аниқланган.

Самарқанд вилоят ички ишлар бошқармаси берган маълумотга асосан занжирбанд этилган боланинг васий ота-онаси С.Х. ва М.Ш.лар устозига боладан эҳтиёт бўлишини, имконият туғилиши билан бола қочишга ҳаракат қилишини олдини олиш учун уни оёқларини занжир билан боғлаб қуйишганини билдиришган.

Боланинг бундан олдин ҳам бир неча бор ўқишдан қочиб майда безорилик содир этганлиги аниқланган. Ҳолатга болалар омбудсмани муносабат билдириб, боланинг қандай хулқда бўлишидан қатъий назар бундай чораларни оқлаб бўлмаслигини ва бу ҳаракатлар боланинг эрки ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига зид эканлигини маълум қилган эди.

Маълумотларга кўра, Ш.Ш.нинг ҳақиқий отаси Ш.Э. 2018 йилда автоҳалокатда, онаси Ш.А. 2013 йилда соғлиғидаги муаммолар туфайли вафот этишган.

Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳри ИИО ФМБ томонидан тегов ҳаракатлари бошланиб, Жиноят кодексининг 138-моддаси( зўрлик ишлатиб ғайриқониний равишда озодлик маҳрум қилиш) билан жиноят иши қўзғатилган эди.

Суд хулосасига кўра, Ш.Х. Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаган шахсни қийнаш), 138-моддаси 2-қисми «а» банди (зўрлик ишлатиб ғайриқонуний равишда озодликдан маҳрум қилиш) билан айбли деб топилган. Унга нисбатан 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.