11:33 | 29.06.24

                       

Самарқандда ўгай ўғлини камар билан калтаклаган отага жиноят иши қўзғатилди

Самарқандда ўгай ўғлини камар билан калтаклаган отага жиноят иши қўзғатилди (видео).

Самарқанд вилояти Тойлоқ тумани Сочак қишлоғида яшовчи эркак 6 ёшли ўгай ўғлини камар билан савалагани ҳақида хабар берилганди.

Болалар омбудсманининг хабар беришича, 28 июн куни Тойлоқ туманида болага нисбатан зўравонлик қилган шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а» банди (вояга етмаган шахсни қийнаш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Болага нисбатан бу каби зўравонликка йўл қўйганлар ким бўлишидан қатъи назар тегишли жавобгарликка тортилиши шарт. Бола давлат ва қонун ҳимоясида», дейилади хабарда.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисмида беш йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси бериш белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, 2024 йилнинг 23 июнь куни Самарқанд вилояти Тойлоқ туманида яшовчи 36 ёшли эркак ўзи билан бирга 2024 йилдан шаърий никоҳда бўлган аёлнинг 2017 йилда туғилган, 6 ёшли ўғлини камар билан калтаклаган.

Ҳолат юзасидан 24 июнь куни терговга қадар текширув бошланди. Вояга етмаган О.Э. да тан жароҳатлари аниқланиб, ҳозирда тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Бу борада суд тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Шунингдек, эркак Тойлоқ тумани тиббиёт бирлашмаси тиббий кўригидан ўтказилганда, унинг руҳиятида ўзгаришлар борлиги аниқланиб, Самарқанд вилояти руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилди ва унинг ҳолати юзасидан суд-психиатрик экспертиза тайинланди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: