17:35 | 01.07.24

                       

Самарқандда ЮНEСКОнинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади

Самарқандда ЮНEСКОнинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади. Ўзбекистон БМТ билан ҳадли дастурни ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришди.

Ўзбекистон БМТ ва унинг институтлари билан ҳамкорликни фаол ривожлантирмоқда. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев 1 июль куни Куксарой қароргоҳида расмий ташриф билан мамлакатимизда бўлиб турган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашув ўтказди.

Суҳбат аввалида БМТ Бош котиби давлатимиз раҳбарига Ўзбекистонга келиш таклифи ва кўрсатилаётган самимий қабул учун чуқур миннатдорлик билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Олий мартабали меҳмонни самимий қутлаб, давлатимиз раҳбари А.Гутерришнинг республикамизга бу галги, иккинчи ташрифи “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида амалга оширилаётган ортга қайтмас ислоҳотлар БМТ томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётганининг тасдиғи эканини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Музокаралар чоғида глобал ва минтақавий тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш, Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари, Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишга қаратилган қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳолати муҳокама қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Ҳамкорликнинг жадал суръати ва мисли кўрилмаган юқори даражаси катта мамнуният билан қайд этилди.

140 та қўшма дастур ва лойиҳалар муваффақиятли амалга оширилмоқда. Кейинги йилларнинг ўзида Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 10 та махсус резолюцияси қабул қилинди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Йил бошидан буён БМТ Бош котибининг бешта ўринбосари Ўзбекистонга ташриф буюрди. Ўтган ойда мамлакатимиз Иқтисодий ва ижтимоий кенгаш (ECOSOC) таркибига ва Халқаро меҳнат ташкилотининг Маъмурий кенгашига сайланди. Ўзбекистон вакили биринчи марта БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси бўлди. Тошкентда БМТнинг яна бир махсус муассасаси – Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш бўйича халқаро жамғарманинг ваколатхонаси иш бошлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Биргаликда глобал кун тартибига оид йирик халқаро тадбирлар, жумладан, озиқ-овқат хавфсизлиги, туризмни ривожлантириш, камбағаллик ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш ҳамда биохилма-хилликни муҳофаза қилиш бўйича тадбирлар ўтказилмоқда. Келгуси йилда Самарқандда ЮНЕСКОнинг 43-бош конференцияси бўлиб ўтади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик муаммолар юзасидан ҳам фикр алмашилди. Давлат раҳбари Бош котибнинг халқаро хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий органларини ислоҳ қилиш ҳамда жорий йилда Нью-Йорк шаҳрида Келажак саммитини ўтказиш ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлашини билдирди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Минтақада транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, озиқ-овқат, энергетика ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Афғонистонда юзага келаётган вазият муҳокама қилиниб, афғон халқига гуманитар ёрдамни кенгайтириш, жаҳон ҳамжамиятининг бу мамлакатга нисбатан умумий стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашув якунида 2026-2030 йилларда Ўзбекистоннинг Барқарор ривожланиш мақсадлари бўйича БМТ билан ҳамкорликнинг ҳадли дастурини биргаликда ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: