16:54 | 14.11.24
Нефть қазиб олиш жараёнида ажралиб чиқадиган йўлдош нефть гази (ЙНГ) нафақат қимматли энергия манбаи, балки экологик таҳдидларнинг олдини олиш воситаси ҳамдир. Saneg компанияси бу ресурсдан самарали фойдаланиш учун инвестиция киритмоқда.
ЙНГ — нефть қазиб олиш жараёнида ажралиб чиқадиган метан, этан ва пропан каби углеводородлар аралашмаси бўлиб, уни қайта ишлаш ва транспортировка қилиш мураккаб жараён ҳисобланади. ЙНГнинг паст босимли ва аралашмаларнинг юқори миқдорли бўлиши туфайли, кўп ҳолларда ишлаб чиқариш майдонида тўғридан-тўғри ёндирилади. Бу жараён иқтисодий йўқотишларга олиб келиб, карбонат ангидриднинг атмосферага чиқишига сабаб бўлади.
Saneg компанияси ЙНГни қайта ишлаш учун илғор технологияларни жорий этмоқда. Газ қувурларини тўғридан-тўғри етказиб бериш ва компрессор қурилмалари орқали ойига 3,5 миллион кубометргача ЙНГ қайта ишланмоқда. Жорий йилнинг ўзида 11 та кичик ҳажмли компрессор қурилмаси ишга туширилиб, улар «Янги Қоратепа», «Восточний Ташли» ва «Шўртепа» конларида фаолият юритмоқда.
Компания Бухоро ва Хивадаги «Сардоб», «Саёзжар» ва «Шимолий Ўртабулоқ» конларида, шунингдек Қашқадарё вилоятидаги «Оқкўл» конида 1,5 миллион кубометрдан ортиқ ЙНГдан фойдаланишни режалаштирмоқда. Бу атроф-муҳитга зарарни камайтириш билан бирга компаниянинг молиявий барқарорлигига ҳам ҳисса қўшади.
Saneg барқарор ривожланиш тамойилларига амал қилган ҳолда, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш ва экологик хавфсизликни таъминлаш учун технологияларга инвестиция киритишда давом этмоқда. ЙНГни қайта ишлаш компанияга молиявий манфаатлардан ташқари экологик масъулиятни ҳам адо этиш имкониятини яратади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: