1:09 | 18.01.24

                       

Санэпидқўмита зарарли ҳаводан ҳимояланиш бўйича тавсиялар берди

Тошкент ҳавоси таркибида PM2.5 дисперс заррачалари меъёридан бир неча ўн баробар кўпайганлиги сўнгги вақтларда муҳокама мавзусига айланди.

Атмосфера ҳавосидаги муаллақ заррачалар – РМ2,5 заррачалар нафас йўлидан ўтувчи заррачалардир. Чунки улар газ алмашинуви содир бўладиган алвеолалар ва ўпка капиллярларига кириб, тизимли қон оқимига кириб, турли органларга кириб, турли тўқималарнинг ҳужайраларига бевосита маҳаллий таъсир кўрсатади. Санэпидқўмита ушбу заррачалардан ҳимояланиш бўйича бир қанча тиббий тавсиялар берди.

Жумладан, хона ёки иншоотларнинг пол ва токчалари, улар ичидаги буюм ҳамда ашёларни нам латта билан тозалаб туриш, уй ёки бино ичига, атрофига сув солинган идишлар қўйиш, нам сочиқларни осиб қўйиш чанг даражасини пасайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, деразаларни ёпиқ ҳолда сақлаш, айниқса, кечаси ва эрта тонгда эшик ва ойналарни зичлаб ёпиш, кўпроқ сув ичиш, тез-тез душ қабул қилиш, оғиз ва бурун бўшлиғини тузли эритма билан ювиб ташлаш тавсия этилган. Бундан ташқари, нафас олиш тизими касалликларига чалинганлар тиббий ниқобдан фойдаланишлари ва уларни ҳар икки соатда алмаштириш кераклиги айтилган.

Маълумот учун, майда дисперс заррачалар ҳужайра мембраналарига кириб бориш қобилиятига эга. Шу билан бирга, уларнинг органлар ва тўқималарда сурункали тўпланиш хавфи мавжуд.

Атмосфера ҳавосида РМ10 ва РМ2нинг юқори концентрациясига узоқ муддатли таъсир қилиш яллиғланиш, канцероген, тератоген, ситотоксик таъсирга эга бўлиб, аллергопатологиянинг ривожланишига ҳисса қўшади ва инсоннинг умр кўриш давомийлигига таъсир қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ҳавонинг «носоғлом» даражадаги ифлосланиши кузатилиб, чанг миқдори ЖССТ тавсияларидан 17 марта ошгани ҳақда хабар берилганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: