21:27 | 06.11.24

                       

Савдо-саноат палатасининг бўлим бошлиғи пора билан ушланди

Савдо-саноат палатасининг Хоразм шаҳар бўлими бошлиғи пора билан ушланди. У корхонанинг кредит қарздорлигини ўчиртириб, бошқа кредит олиб бериши учун 1,5 минг доллар талаб қилган (видео).

Савдо-саноат палатасининг бўлим бошлиғи 1,5 минг доллар пора билан қўлга тушди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент ахборот хизмати хабар берди.

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда жойларда ўтказилган тезкор тадбирлар давомида бир нечта қонунбузилиши ҳолатларига чек қўйилди. 

Савдо-саноат палатаси Хоразм вилояти бошқармасининг шаҳар бўлими бошлиғи пора олганида аниқланди. У оилавий корхонанинг кредит қарздорлигини тижорат банки базасидан ўчиртириб, ушбу банкдан 100 миллион сўм имтиёзли кредит олиб беришни ваъда берган. 

Бунинг эвазига 1500 АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 10 миллион сўм олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди. Таъкидланишича, мазкур мансабдор шахс муқаддам судланган.