13:06 | 02.03.23
Рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда
Олий Мажлис Сенатининг ўттиз еттинчи ялпи мажлисида сенаторлар томонидан «Рақобат тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди. Бу ҳақда Сенат матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур қонун мамлакат ҳудудида товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, рақобат муҳитини ҳимоя қилиш, товар, молия ва рақамли бозорларни самарали фаолият кўрсатишига шароит яратиш мақсадида ишлаб чиқилган. Таъкидлаш жоиз, унда 2012 йил қабул қилинган «Рақобат тўғрисида»ги ҳамда 1999 йил қабул қилинган «Табиий монополиялар тўғрисида»ги қонунлар бирлаштирилиб, табиий монополия ва устун мавқега эга субъектларга қўйиладиган талабларнинг аксарият қисми бирхиллаштирилган.
Қонунда рақобат соҳасидаги давлат сиёсатининг, яъни рақобатни ҳимоя қилиш, рақобатга қарши ҳаракатларнинг олдини олиш ва тўхтатиш, республика ҳудудида иқтисодий фаолият эркинлиги ва товарларнинг эркин ҳаракатланишини таъминлаш, товар ва молия бозорларининг самарали фаолият кўрсатиши учун шароитлар яратиш каби устувор йўналишлар белгиланган.
Бундан ташқари, қонун билан бир қатор янги, яъни монополияга қарши комплаенс, рақамли платформа каби тушунчалар киритилмоқда. Қонунда устун мавқени белгилашнинг янги мезонлари киритилаётган бўлиб, унга кўра табиий монополия субъектлари ҳам устун мавқега эга субъектлар қаторига қўшилмоқда.
Шу билан бирга, қонунда устун музокара кучи институти киритилиб, ушбу нормага кўра, битим шартларини, товарлар реализация қилинадиган ҳудудни ва нархни белгилашга бир томонлама таъсир кўрсатиш имкониятининг мавжудлиги сабабли бошқа субъектлар билан шартнома тузишда, уларда устун музокара кучи мавжуд деб баҳоланиши белгиланмоқда.
Тадбиркорлик субъектлари ўртасида соғлом рақобат муҳитини таъминлаш мақсадида қонунда рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкин бўлган давлат томонидан кўрсатилаётган ёрдамни баҳолаш тизими жорий қилинмоқда.
Қонун билан савдоларга доир рақобатни чеклашга қарши талаблар ва ўзаро боғлиқ бўлган иштирокчиларнинг бир вақтда савдо жараёнларида иштирок этишига тақиқлар белгиланмоқда.
Шунингдек, рақобат тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилмоқда.
Сенаторларнинг фикрига кўра, мазкур қонуннинг қабул қилиниши рақобатга қарши ҳаракатларнинг камайишига, иқтисодий фаолият эркинлиги, товарларнинг эркин ҳаракатланишига, рақобат муҳитини ривожлантиришга ҳамда товар ва рақамли бозорларнинг самарали фаолият кўрсатишига, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқартиришга ҳуқуқий асос яратади.
Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: