14:30 | 01.06.23 1540
Сенатда «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун маъқулланди
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатли oрган этиб белгиланди
Сенатда «Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида»ги қонун маъқулланди. Унга кўра, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ваколатли oрган ҳисобланиб, соҳани мувофиқлаштиради ва манфаатлар тўқнашувини аниқласа, судга даъво аризаси киритади.

Бу ҳақда агентлик расмий саҳифасида ҳам маълум қилиб, қонун юзасидан қўшимча ахборотлар берди.
Қонун билан қуйидагилар белгиланмоқда:
- давлат органлари ва муассасаларида манфаатлар тўқнашувини назорат қилишнинг аниқ механизмлари;
- манфаатлар тўқнашувига оид талабларни бузишнинг ҳуқуқий оқибатлари;
- манфаатлар тўқнашувига йўл қўйган ҳолда қабул қилинган ва тузилган битимларни суд тартибида ҳақиқий эмас деб топиш асослари;
- манфаатлар тўқнашувига йўл қўйганлик учун жавобгарлик чоралари.
Шунингдек, Қонуннинг қўлланилиш доираси аниқлаштирилмоқда:
- давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига;
- давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига;
- давлат мақсадли жамғармаларига;
- устав фондида давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига;
- ўз устав фондида давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан татбиқ этилади.
Манфаатлар тўқнашувини тартибга солишда ваколатли органлар белгиланмоқда:
- Коррупцияга қарши курашиш агентлиги;
- давлат ташкилотларининг одоб-ахлоқ комиссиялари;
- кадрлар бўлинмалари;
- коррупцияга қарши ички назорат тузилмалари.
Юқорида санаб ўтилган ташкилотлар манфаатлар тўқнашувини тартибга солишни амалга оширадиган органлар сифатида белгиланмоқда.