Сергелидаги маҳаллани сув босди
Маҳаллада жойлашган 9 та хонадон ва 3 та ишлаб чиқариш корхонаси зарар кўрган
Жорий йилнинг 4 июн куни Тошкент шаҳар Сергели тумани Жўнариқ маҳалласида сув тошиш ҳолати кузатилган. Воқеа оқибатида маҳаллада жойлашган 9 тa хонадон ва 3 та ишлаб чиқариш корхонаси зарар кўрган.

Ҳолат Тошкент шаҳар Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармалари томонидан зудлик билан ўрганилган ва бартараф этишга киришилган. Тегишли хизматлар томонидан кўрилган тезкор чора-тадбирлар натижасида айни пайтда сув тошқини тўлиқ бартараф этилди. Бунинг учун Фавқулодда вазиятлар бошқармасидан 9 та махсус техника, 7 та сув тортиш мосламаси, «Тошкент шаҳар сув таъминоти» корхонасидан 2 та водовоз ҳамда Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш бошқармасидан ҳам 2 та водовоз жалб этилди.
Аниқланишича, мазкур ҳолат Тошкент вилояти Бўзсув ирригация тизимлари бошқармаси томонидан Тошкент шаҳар Каналлардан фойдаланиш ва уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда Фавқулодда вазиятлар бошқармаларини огоҳлантирмасдан Сергели тумани, Жўнариқ МФЙдан оқиб ўтувчи Жун каналининг ҳамда Чилонзор тумани, Сеул кўчасидаги Бўрижар каналининг сув олиш иншоотлари номаълум сабабларга кўра ёпилганлиги ҳамда Салар каналига тўлиқ сув очилганлиги оқибатида юзага келган.