14:50 | 11.08.24
Шаҳрисабзда «Ёшлар - келажак бунёдкорлари!» III экология ва туризм халқаро қурултойининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Шаҳрисабзда навбатдаги ёшлар экология ва туризм халқаро қурултойи расман очилди. Бу ҳақда Экология вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Оқсаройда бўлиб ўтган тадбирни Экология вазири ўринбосари Искандар Қутбиддинов ва Қашқадарё вилояти ҳокими Муроджон Азимов очиб берган.
Искандар Қутбиддинов ўз нутқида Давлат раҳбари бошчилигида ёшларнинг орзу-интилишлари, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш давлат сиёсатининг энг муҳим ва устувор йўналишига айланганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистонда очилган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) экология соҳасига бефарқ бўлмаган ёшларга бу борада етук кадрга айланиш имконини беришини қайд этди.
«Бугунги қурултой ҳам ёшларнинг иқтидорини, салоҳиятини юзага чиқариш, янгидан-янги ғояларни кашф қилиш, ёшларни экология ва туризм соҳалари ривожи учун бирлаштиришга хизмат қилади», — деди Искандар Қутбиддинов.
Тадбир давомида ўтган йили сайланган «Ёш экологлар» ҳаракати ҳамда Ёш туризм элчилари тақдирланди ва самарали фаолиятлари учун миннатдорлик билдирилди. Бу галги қурултойда янги элчилар сайланади.
Маросимда, шунингдек, қадимий Кешда (ҳозирги Шаҳрисабз) туғилган Соҳибқирон Амир Темур сиймосидаги тарихий чиқишлар, концерт дастури, кўргазмали шоулар намойиш этилди.
Маълумот учун, қурултойда юртимизнинг барча ҳудудларидан ташриф буюрган жами 1000 нафардан ортиқ ёшлардан иборат жамоалар иштирок этмоқда. 13 августга қадар экология ва туризм соҳаларда мутахассислар иштирокида ўқув семинарлар, интеллектуал ўйинлар, дўстлик тадбирлари, «Энг яхши экологик лойиҳа», «Энг яхши туризм лойиҳаси» ва «Сиз эко-қонунларни биласизми?» танловлари, «Эко-туризм-квест», «Юлдузлар ташрифи» ва «Туғилган кун» лойиҳалари, ёш дизайнерларнинг кўргазмаси, «Open Air» (очиқ осмон) форматида кинофильмлар намойиши, «Чиқиндисиз дунё учун» плоггинг акцияси, «Ёшлар спартакиадаси» оммавий спорт ўйинлари ҳамда унинг доирасида миллий ва этноспорт турлари бўйича спорт мусобақалари, юқори натижаларга эришган ҳамда ёшларга ўрнак кўрсатадиган спортчилар ва мураббийлар иштирокида «маҳорат дарси», «Ёш экологлар» ҳаракати ҳамда Ёш туризм элчилари Кенгаши аъзолигига сайловлар, Шаҳрисабздаги Оқсарой меъморий ёдгорлиги бўйлаб саёҳатлар бўлиб ўтади.
Қурултой якунида фаол иштирок этган гуруҳлар ва ҳудуд жамоалари вакиллари диплом ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланади. Шу билан бирга, қурултой иштирокчиларининг ҳар бирига Экология вазирлигининг махсус сертификати топширилади.
Бундан ташқари, 10 август куни «Ёшлар – келажак бунёдкорлари!» III экология ва туризм халқаро қурултойи доирасида «Энг яхши экологик лойиҳа» танлови ўтказилди.
Унда республиканинг барча ҳудудларидан 18-30 ёшгача бўлган эко-фаоллар ўзларининг атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳалари билан иштирок этди.
Танлов давомида «Ecoland», «Anti-WASTE», «10 та дарахт – битта китоб», «Эко молекула», «Фарғона водийсидаги ирригация ва мелиорация тармоқларини сунъий йўлдош ва ГПС навигаторидан фойдаланиб, сув сарфининг олдини олиш ва ер унумдорлигини яхшилаш», «Ўзбекистон оқар сувларини тозалашга инқилобий ёндашув», «Эcо лаборатория», «Batareyka.uz» ва бошқа экологияни муҳофаза қилишга қаратилган лойиҳалар тақдим этилди.
Танлов ғолиблари қурултой якунида эълон қилинади ва муносиб тақдирланади.
Маълумот учун, мазкур танлов анъанавий тарзда ҳар йили «Ёшлар келажак бунёдкорлари» қурултойи доирасида отказилади. Мақсад ёшларнинг ижтимоий-иқтисодий фаоллигини ошириш, уларни экология соҳасига кенг жалб этиш, ёшларнинг экология соҳасидаги истиқболли гоялари ва лойиҳаларини амалга оширишдир.
«Ёшлар – келажак бунёдкорлари!» III экология ва туризм халқаро қурултойи 13 августгача давом этади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: