9:54 | 31.10.23

                       

Шанхайдан Франкфуртга учаётган самолёт Тошкентга қўнишга мажбур бўлди

Экипаж самолёт олдига зудлик билан ҳуқуқ тартибот органлари ходимларини чақиришни сўраган.

Кеча, 30 октябр куни Германиянинг Lufthansa авиакомпаниясининг Шанхайдан Франкфуртга учаётган LH729 йўловчи рейси Тошкент халқаро аэропортидаги муқобил аэродромга келиб қўнди. Бу ҳақда Uzbekistan Airports хабар берди.

Бунга бортдаги йўловчилардан иккитасининг жанжал кўтаргани сабаб бўлган.

Шундан сўнг, аэродромга қўнган экипаж таркиби самолёт олдига ҳуқуқ тартибот органлари ходимларини чақиришни сўраган. Жанжал кўтарган йўловчилар рейсдан олиб ташланган.

Маълумот учун, бортида жами 206 йўловчи бўлган Boeing 747- 800 самолёти маҳаллий вақт билан 17:32 да фавқулодда қўнишни амалга оширган. Ҳаво кемаси Тошкентдан белгиланган аэропортга соат 20:36 да учиб кетган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкентдан Фарғонага учаётган самолёт ноқулай об-ҳаво туфайли Наманганга қўнишга мажбур бўлганди. Шунингдек, Тошкентдан Мадинага учаётган самолёт ортга қайтганди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: