11:30 | 16.09.23

                       

Шавкат Мирзиёев «Толибон» қураётган канал ҳақида гапирди

Давлат раҳбари Афғонистон вакилларини сувдан фойдаланиш бўйича минтақавий мулоқотга жалб қилишни таклиф этди.

Президент Шавкат Мирзиёев Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказилган Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида нутқ сўзлади. Давлат раҳбари унда «Толибон» муваққат ҳукумати томонидан Амударё ўзанида қурилаётган «Қўштепа» канали ҳақида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Фото:

Маълум қилинишича, Шавкат Мирзиёев минтақада сувдан фойдаланишда Марказий Осиёнинг бешта давлати билан ҳеч қандай мажбурият асосида боғланмаган янги иштирокчи пайдо бўлганини таъкидлаган. Давлат раҳбари каналнинг ишга туширилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсирини ўрганиш учун минтақа давлатларининг қўшма ишчи гуруҳини тузиш таклифини билдирган.

«Афғон томони канални қуриш бўйича фаол иш олиб бораётганини яхши биласиз. Унинг ишга туширилиши Марказий Осиёдаги сувдан фойдаланиш тартиби ва мувозанатини тубдан ўзгартириб юбориши мумкин. «Қўштепа» каналининг қурилиши ва унинг Амударё сувидан фойдаланиш тартибига таъсири билан боғлиқ барча жиҳатларни мамлакатларимиздаги тадқиқот институтларини жалб этган ҳолда ўрганиш бўйича қўшма ишчи гуруҳини шакллантириш зарур, деб ҳисоблаймиз», – дейди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Ўзбекистон президенти сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш учун Афғонистон вакилларини минтақавий мулоқотга жалб қилишни таклиф этган.

Маълумот учун, «Толибон» Балх вилояти ҳудудида канал қазиш ишларини 2022 йилнинг март ойида бошлаган бўлиб, унинг узунлиги 285 километр, эни 100 метр ва чуқурлиги 8,5 метрга етиши кўзда тутилган. Айни пайтга келиб, каналнинг 100 километрдан ортиқ қисми қуриб бўлинган. Унинг тўлиқ ишга туширилиши эса 2028 йилда якунланиши режалаштирилган. Лойиҳа умумий қиймати 684 миллион долларга баҳоланган бўлиб, «Толибон» бу орқали Афғонистон шимолидаги 585 минг гектар чўл ҳудудини деҳқончилик учун ўзлаштиришни мақсад қилган. Аммо канал ўтиши режалаштирилган ҳудудларнинг катта қисми қумли ерлар бўлииб, бунда сувнинг катта қисми йўқотилиши мумкин. Бундан ташқари, канал қурилиши оқибатида Амударё сувининг 20 фоиздан 30 фоизгача қисми Афғонистонга оқиб ўтади. Бу эса иқлим ўзгариши сабаб Амударё сувининг 15 фоизгача қисмини йўқотувчи Ўзбекистон яна 10 фоиз сувдан айрилишини англатади. Шундай қилиб, «Қўштепа» каналининг қурилиши Ўзбекистоннинг Сурхондарё, Бухоро, Навоий ва Хоразм вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон республикаси, шунингдек Туркманистон учун жиддий оқибатларни келтириб чиқаради. Шусиз ҳам экологик муаммолар ичида қолган Ўзбекистоннинг шимолий ҳудудларида аҳвол янада оғирлашади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: