17:31 | 01.03.23

                       

Шавкат Мирзиёев АҚШ давлат котибини қабул қилди

Учрашувда савдо-иқтисодий, инвестицион ва инновацион ҳамкорликни ривожлантириш, Америка етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтиришга эътибор қаратилди

Шавкат Мирзиёев 1 март, чоршанба куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, таълим ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатлар кун тартибидаги долзарб масалаларнинг кенг доираси ҳамда минтақавий ҳамкорликнинг муҳим жиҳатлари кўриб чиқилган.

Суҳбат аввалида Энтони Блинкен давлат раҳбарига Қўшма Штатлар президенти Жо Байденнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Шунингдек, АҚШ Ўзбекистоннинг мустақиллиги, суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини доимо қўллаб-қувватлашда қатъий экани яна бир бор қайд этилди. Мамлакатда амалга оширилаётган демократик янгиланишлар, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга юксак баҳо берилди.

Айниқса, инсон ҳуқуқлари ва гендер тенгликни таъминлашда, мажбурий меҳнатга қарши курашишда, сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ислоҳотларда, фуқаролик жамияти институтларини ривожлантиришда ва кўплаб бошқа йўналишларда эришилган катта муваффақиятлар алоҳида қайд этилди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Учрашувда Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги кўп қиррали муносабатларда юксак даражага эришилгани таъкидланди.

Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, шу жумладан, Стратегик ҳамкорлик бўйича самарали мулоқотни илгари суриш ва турли даражаларда сермаҳсул алмашинувларни давом эттириш муҳимлиги тасдиқланди.

Фото: Президент матбуот хизмати

Савдо-иқтисодий, инвестицион ва инновацион ҳамкорликни ривожлантириш, Америка етакчи компанияларининг Ўзбекистон бозоридаги фаолиятини кенгайтириш, кооперация лойиҳаларини, энг аввало, юқори технологик тармоқларда амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар алоқаларни, шу жумладан, Ўзбекистонда ёшларга инглиз тилини ўқитиш ва малакали ўқитувчиларни тайёрлаш дастурларини фаоллаштириш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.

Минтақавий ҳамкорликнинг энг муҳим масалалари юзасидан фикр алмашилди. Хусусан, «АҚШ ва Марказий Осиё мамлакатлари» (С5+1) форматида ўтган вазирлар учрашувининг амалий натижалари ижобий баҳоланди.

Минтақа мамлакатларининг барқарор тараққиётига кўмаклашиш, ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини такомиллаштириш, «яшил» энергетикани ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш каби йўналишлар кўрсатиб ўтилди.

Таъкидланишича, март ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган Савдо ва инвестициялар бўйича ҳадли битим (TIFA) йиғилишига муҳим аҳамият берилмоқда.

Учрашув давомида Афғонистонда тинчлик ўрнатиш борасида кенг халқаро ҳамкорликка оид масалалар ҳам кўриб чиқилган.

Ушбу мамлакатдаги вазиятнинг кескинлашишига ва гуманитар инқирознинг авж олишига йўл қўйиб бўлмаслиги, мавжуд муаммоларни ҳал қилиш алгоритмини ишлаб чиқиш учун БМТ майдонидан фаол фойдаланиш зарурлиги, шунингдек, тинчлик жараёнига ва Афғонистон иқтисодиётини тиклашга кўмаклашиш учун минтақавий инфратузилма лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш муҳимлиги тўғрисида якдил фикр билдирилди.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: