Шавкат Мирзиёев депутатлар ва Сенат аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан учрашди
Унда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан келиб тушган таклифлар якунлари бўйича маслаҳатлашув бўлиб ўтди
Шавкат Мирзиёев 6 март, душанба куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, Олий суд раҳбарияти билан учрашди.

Президент матбуот хизматининг хабар беришича, учрашувда Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан халқ томонидан келиб тушган таклифлар якунлари бўйича маслаҳатлашув бўлиб ўтди.

Қайд этилишича, депутатлар жамоатчилик томонидан юборилган 200 мингдан ортиқ таклифларнинг ҳар бирини ўрганиб чиқди, бунда халқаро тажриба ҳам инобатга олиниб, турли соҳалардан етук мутахассислар ва экспертлар жалб этилди.

Бир неча ой давом этган ўрганишлар натижасида Конституцияга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Конституциявий қонун лойиҳасининг якуний таҳрири тайёрланди.

«Мазкур қонун лойиҳасида ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва давлат бошқаруви соҳаларига оид ўта муҳим ўзгаришлар акс этгани сабабли қонун лойиҳасини референдумга қўйишдан аввал депутатлар Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 83-моддасида белгиланган қонунчилик ташаббусига эга субъектлар билан маслаҳатлашувлар ўтказмоқда», дейилади хабарда.

Бунда парламент ва ҳукумат, жамоатчилик вакиллари қонун лойиҳасига ўз таклифлари ва фикр-мулоҳазаларини билдирмоқда.

Шунингдек, мазкур қонун лойиҳаси Конституциявий суд томонидан алоҳида кўриб чиқилиши ва хулоса берилиши қайд этилди. Маслаҳатлашувлар давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 20 июнь куни Конституциявий комиссия йиғилишида Конституцион ўзгаришлар бўйича реферндум ўтказишни таклиф қилганди. Давлат раҳбари ўзгаришлар референдум орқали амалга оширилса, бош қонун ҳақиқий халқ Конституцияси бўлишини айтган. 31 август куни эса Шавкат Мирзиёев янги Конституция умумхалқ референдуми асосида қабул қилинишини айтганди.