19:22 | 15.09.24
Шавкат Мирзиёев Германия канцлери Олаф Шольцни Регистон майдонида кутиб олди (фото).
Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонга расмий ташриф билан келган Германия канцлери Олаф Шольцни Регистон майдонида кутиб олди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мамлакатнинг асосий тимсолларидан бири, аждодларимиз бунёдкорлик салоҳиятининг ифодаси — дунёга машҳур Регистон майдони ЮНЕСКО нинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган. Ансамблга кирувчи Мирзо Улуғбек, Шердор ва Тиллакори мадрасалари ўзининг салобати, бой тарихи ва бетакрор архитектураси билан барчада чуқур таассурот қолдиради.
Олий мартабали меҳмонга Шарқ меъморчилигининг ушбу дурдонаси қурилишига оид тарихий маълумотлар, ечимлар ва безакларнинг ўзига хос хусусиятлари, шунингдек, бу маскан билан боғлиқ муҳим воқеалар ва шахслар, ўзбек халқининг маданий мероси ҳақида маълумот берилди.
Суҳбат давомида жаҳон цивилизациясининг қадимий бешикларидан бири сифатида ҳақли равишда эътироф этилган Самарқанд шаҳри бугунги кунда ишбилармонлик ва сайёҳлик марказига айланиб бораётгани таъкидланди.
Шавкат Мирзиёев ва Олаф Шольц Регистон ансамбли олдида биргаликда суратга тушди.
Аввалроқ Германия канцлери Олаф Шолц биринчи марта Ўзбекистонга келиши ҳақида хабар берилган эди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: