13:51 | 27.10.24
Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан биргаликда пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 59 сайлов участкасидаги овоз беришда иштирок этди. Президент, шунингдек, овоз беришга келганлар билан суҳбатлашди. Хорижий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам мулоқот қилди (фото).
Шавкат Мирзиёев оила аъзолари билан биргаликда пойтахтнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 59 сайлов участкасига ташриф буюриб, овоз беришда иштирок этди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Сайловда бешта: Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон либерал-демократик партияси, «Миллий тикланиш» демократик партияси, Экологик партия, Халқ демократик партияси ҳамда «Адолат» социал-демократик партияси иштирок этмоқда.
Ўзбекистон тарихида илк бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси сайловлари аралаш сайлов тизими, яъни мажоритар-пропорционал тизим асосида ўтказилмоқда. Депутатларнинг 75 нафари бевосита мажоритар тизим асосида, яъни сайловчилар ўзларига мақбул номзодларга овоз бериши йўли билан, қолган 75 нафари эса пропорционал тизим бўйича сиёсий партияларга берилган овозлар асосида сайланишади.
Бу йилги сайловларнинг яна бир эътиборли жиҳати – бу жараён иштирокчиларининг ўзаро муносабатлари тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда «E-Saylov» ахборот тизими орқали амалга оширилмоқда.
Давлат раҳбари 59-сайлов участкасига келган одамлар билан суҳбатлашди. Хорижий кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари билан ҳам мулоқот қилди. Улар сайловлар очиқ, юқори савияда ўтаётганини, аҳолининг ижтимоий-сиёсий фаоллиги ошганини таъкидлашди. Жойларда 5 минг 770 та округ ва 11 минг 28 та, жумладан, 40 та хорижий мамлакатда 57 та сайлов участкаси ташкил этилган.
Сайлов жараёнини кузатишда МДҲ, ШҲТ, Туркий давлатлар ташкилоти, шунингдек, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг тўлақонли миссияси таркибида 850 нафардан зиёд хорижий ва халқаро кузатувчилар иштирок этмоқда.
Давлат раҳбари сайлов участкасига келган одамлар билан суҳбатлашди. Ўз юрти ва яшаётган ҳудуди тақдирига дахлдорлигини ҳис қилиб, сайловларда фаол қатнашаётган фуқароларга миннатдорлик билдирди.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: