10:00 | 18.06.23
17-18 июн кунлари Лондонда Ўзбекистон маданияти фестивали ўтказилди
Silk Road Samarkand сайёҳлик маркази Лондондаги Ўзбекистон маданияти фестивалида тақдим этилди.
Шу кунларда, 17-18 июн кунлари Лондонда, таниқли Tower Bridge кўприги яқинида Ўзбекистон маданияти фестивали бўлиб ўтмоқда. Ушбу тадбирда меҳмонлар шарқона ноз-у неъматлар, машҳур ўзбек палови, Марказий Осиё усталарининг кўп асрлик анъаналари, шунингдек, Ўзбекистондаги янги манзил – Silk Road Samarkand сайёҳлик маркази фаолияти билан яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқдалар.
Бу каби фестивал Лондонда илк бора ўтказилмоқда. Тадбирлар доирасида туманли Албион аҳолиси ва меҳмонлари учун Ўзбекистон ва уни ҳудудларининг бой маданий мероси, урф-одатлари, миллий таомлари ва гўзал жойлари билан таништирувчи кенг қамровли дастур тақдим этилган. Фестивалга ташриф буюрганларнинг эътиборини айниқса, миллий таомлар тақдимоти тортди. Унда Ўзбекистоннинг таниқли ошпази Баҳриддин Чустий бир тонна палов пиширди, Лондоннинг энг яхши ўзбек ошпази Музаффар Содиқов эса турли хил мазали ўзбек миллий таомларини тақдим этди. Ушбу фестивал Лондондаги ўзбек диаспораси кўмагида Ўзбекистон Республикаси Маданият ва туризм вазирлиги, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси ва «Ватандошлар» жамоат фонди томонидан ташкил этилди.
Silk Road Samarkand сайёҳлик маркази павилони тадбир меҳмонларининг алоҳида эътиборини тортди. Бу ерда улар сайёҳлик маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар. Марказда 8 та жаҳон даражасидаги меҳмонхоналар ва халқаро конгресс-маркази, шунингдек, шинам жамоат жойлари, боғлар, дам олиш ва спорт майдончалари, концептуал ресторанлар ва маданий иншоотлар мавжуд. Павилон майдонида Silk Road Samarkand маркази вакилларининг ташриф буюрувчилар билан мулоқот қилиши ва нетворкинг учун қулай шароитлар яратилган бўлиб, у ерда меҳмонлар ўзаро фикр алмашиши, компания лойиҳалари ва меҳмонхона маркази билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар. Икки кун ичида павилонга 300 дан ортиқ меҳмон ташриф буюрди.
Бекзод Зуфаров, Silk Road Samarkand сайёҳлик маркази директори:
– Лондонда биринчи марта ўтказилаётган бундай кенг кўламли фестивалда иштирок этиш биз учун катта шарафдир. Умид қиламизки, бу ерда тақдим этилган замонавий Silk Road Samarkand кластерининг павилони меҳмонлар эътиборини жалб қилади ва Лондон аҳолиси учун қайта-қайта ташриф буюрадиган манзилга айланади. Зеро, мажмуамиз, шубҳасиз, меҳмонхона хизматининг барча халқаро стандартларига жавоб беради ва ишончим комилки, Самарқанддаги сайёҳлик марказимизда яратилган муҳит ҳар бир меҳмонда катта таассурот қолдиради.
Фестивал ўтказиладиган жойда турли таништирув сессиялари ҳам ташкил этилган. Масалан, стендларнинг бирида машҳур Самарқанд қоғози, металл, лой ва сополдан нафис идишлар, пахта ва ипакдан тайёрланган матолар ишлаб чиқариш ҳақида ҳикоя қилинади. Маданий дастурда Самарқанд, Бухоро, Хива, Тошкентнинг машҳур санъаткорлари ва диджейлари фаол иштирок этдилар.
Лондондаги Ўзбекистон фестивалининг шу икки куни меҳмонларда энг ёқимли таассурот қолдирди ва улар Ўзбекистонга ташриф буюриб, у билан янада яқинроқ танишиш истагини билдирдилар.