21:15 | 30.05.23

                       

Сингапур президенти Ўзбекистонда нега машҳур бўлди-ю, Сингапурда нега машҳур эмас?

«Оддий одам» имижи — Ҳалима Яқуб атрофидаги муҳокамалар ҳақида

Сингапур Ўзбекистон медиасида анча машҳур, унинг иқтисодий моделини ёритмаган, шиддатли ривожланиш тарихи ҳақида ҳикоя қилмаган ўзбек медиаси бўлмаса керак. Охирги кунларда Сингапурнинг бундай имижи ўзбек интернетида янада яхшиланди: мамлакатга расмий сафар билан ташриф буюрган Сингапур президенти Ҳалима Яқуб оддий рейс билан келгани анчайин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Аммо Ҳалима Яъқуб атрофидаги муҳокамалар тугамади: опа турмуш ўртоғи билан яна оддий ресторанга киргани, унинг эри доира чалгани; яна оддий рейсда мамлакатига қайтиб кетгани; кейинги президент сайловида қатнашишдан воз кечгани ва ҳ.к. Интернетда ҳатто Ҳалима Яқуб даврида Сингапурда эришилган ютуқлар акс этган коллажлар чиқиб кетди.

Умуман, бир давлатга, айниқса у Сингапурдай ривожланган бўлса, унинг амалдорларига ҳавас қилиш, улардан ибрат олиш ёмон эмас. Аммо ўзбек интернетида кўп кузатиладиган ҳолат – масалани чуқур ўрганмай туриб эйфорияга берилиб кетиш бу сафар ҳам кўзга ташланди.

Сингапурнинг ютуқларини, унинг давлат тузумини, Ҳалима Яқубнинг фаолиятини синчиклаб ўргансангиз, бу эйфория андак пасаяди. Масалан, юқорида тилга олинган коллажда келтирилган ютуқларга Ҳалима Яқубнинг алоқаси деярли йўқлиги маълум бўлади.

«Оддий одам» имижи

Аслида «оддий» рейсда учиш, «оддий» ресторанда овқатланиш, жамоат транспортидан ёки велосипеддан фойдаланиш каби ҳолатлар жаҳон сиёсатида анчайин кенг тарқалган тажрибадир. Бошида Лондон мэри Борис Жонсон велосипедда юришини, қайсидир бир амалдор автобусда юришини «халққа яқинлашиш» деб қабул қилган жамоатчилик ҳозирда бунга эътиборсиз бўлиб бормоқда. Ҳатто танқидчилар ҳам кўпайиб бормоқда.

Кўпчилик булар аслида оддий пиар-акция эканини тушуниб қолди. XX аср мобайнида улкан ҳокимиятга эга бўлиб, амалда чексиз моддий ресурсларни тасарруф қилган юқори тоифа амалдорлар халқдан чексиз равишда узоқлашиб, шоҳона ҳаётда яшай бошлагани ойликдан ойликка кун кечирадиган кенг омманинг кўзига янги олигархлар, ҳатто янги феодаллар каби кўрина бошлаган эди. Амалдор яхши бўлсин, ёмон бўлсин, у амалдор бўлгани боис имтиёзга эга бўлади, демак, ҳар қанақа ҳолатда оддий одамлардан устун бўлади, деган тасаввур ўрнашиб қолган эди.

Буни пайқаган политтехнологлар XXI асрда «халққа яқинлашиш» стратегияларини ишлаб чиқди. Ўзини халққа яқин тутишга уринган амалдорлар айнан оддий ҳаётни яхши кўргани учун эмас, шунчаки қўшимча сиёсий очко ишлаш учун бу ишни қилиши жуда кўп танқидларга сабаб бўлади. Негаки, «оддий одам» имижига қарамай, уйда, ишда у барибир имтиёзли, аслзода қатлам вакили бўлиб қолаверади: саройларда яшайди, катта маош олади, ижтимоий пакети бошқаларникига қараганда каттароқ, хизмат машинаси бор, болалари учун махсус мактаблар бор ва ҳ.к.

Бугунги кунда ривожланган давлатларда жамоатчилик бу каби пиар қопқонларига тушмай, амалдорларнинг «оддийлигини» норма деб қабул қилишни, умуман амалдорларга бериладиган имтиёзларни камайтириб, уларни кенг оммага реал яқинлаштиришни талаб қилмоқда. Зеро халққа асл яқинлик велосипедда юриш, оддий рейсда учиш билан белгиланмайди.

Сингапур президентининг миясига кириб чиқишнинг имкони бўлмаса ҳам, катта эҳтимол билан бу оддий пиар бўлиши мумкин. Бошқа тушунтиришлар ҳам бор: ташрифнинг мақоми, ташриф буюрилаётган давлатнинг даражаси. Айтайлик, АҚШга ҳам оддий рейсда борилармиди?

Яна бир масала – Сингапурнинг реал раҳбари бўлмиш бош вазири одатда шахсий жетида юради. Шахсий учоғига эга юқори тоифали амалдорлар Сингапурда кам эмас.

Майли, келинг бу ҳақда бир бошидан бошлаймиз.

Сингапур мўъжизаси

Сингапур қисқа муддатда улкан иқтисодий ва технологик ўсишга эришган кичик давлат сифатида дунёда жуда машҳур. Бунда унинг биринчи бош вазири Ли Куан Юнинг китоби муҳим роль ўйнаган: кўплаб тилларга таржима қилинган бу китобда бош вазир қандай қилиб митти қашшоқ давлатни кўтаргани ҳақида жонли тилда ҳикоя қилади.

Бу китоб ўз вақтида кўп давлатларнинг раҳбарларини, зиёлиларини илҳомлантирган. Айниқса либерал ислоҳотлар ўтказмай туриб, қаттиққўл авторитаризм шароитида бу қадар ўсиш мумкинлиги Ғарб либерал демократиясидан қўрқадиган Осиё ва Африка давлатларини руҳлантирган. Очиғини айтганда, охирги йилларда тез ривожланаётганини экспертлар қайд қилаётган Ветнам, Руанда каби давлатларда ҳам маълум маънода Сингапур модели ишламоқда. Аммо, шу билан бирга, бу модель ҳар қандай шароитда ҳар қандай давлатда ишлайди деб бўлмайди.

Ўзбекистонда ҳам Ли Куан Юга мухлислик чуқур илдиз отган: унинг китоби ўзбек тилига ўгирилган, ҳатто ҳурматли журналистлар шу китоб асосида Ўзбекистонни учинчи дунёдан биринчи дунёга олиб ўтиш мумкинлиги ҳақида ўз вақтида мулоҳаза юритган.

Аммо профессионал иқтисодчилар билан гаплашсангиз, бу эйфория алдамчи эканини тез пайқайсиз. Аввало, экспертлар ёрдамисиз, оддий мантиқ билан ҳам бир нарсани англаса бўлади: бир киши ўз ютуқлари ҳақида китоб ёзса, албатта муболағага йўл қўяди, шароит тақозоси билан бўлиб қолган натижаларни ҳам ўз ютуғи деб ўйлайди. Беихтиёр Ҳожибой Тожибоевнинг катта ҳосил олган фермернинг тилидан айтган сўзлари ёдга тушади: «Ерни яхшилаб ковладик, ўғитни аямай солдик, яхши ишладик-да!»

Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов Daryo.uz билан суҳбатда ҳам буни таъкидлаб ўтган эди:

Ли Куан Ю қилган иш мана шу бўлди. У иқтисодиётчилар берган рецептларни татбиқ қилди ва мўъжиза бўлиб қолди. Бош вазирман деб тасаввур қилиб кўринг. Шунчаки ҳамма ердан давлатни чиқариб ташладим, кутдим, ривожланиб кетди, деган нарратив сизга ёқмайди. Ўз ўрнингизни ошириб кўрсатишга ҳаракат қиласиз. Рационаллаштиришга ҳаракат қиласиз.

Сингапурнинг ривожланишига жуда кўп омиллар сабаб бўлган: географик жойлашувдан тортиб геосиёсий вазиятгача, АҚШ ёрдамидан тортиб вақтида қабул қилинган қарорларгача. Булардан бирортаси ўхшамай қолса, Сингапур мўъжизаси ҳам бўлмас эди. Айнан шунинг учун Сингапурга ўхшаб ривожланиб кетаман деган давлатларнинг кўпи муваффақиятсизликка учрайди.

Сингапур идеал давлатми?

Сингапурдаги тараққиёт даражасини кўриб (айниқса медиа орқали кўриб), мамлакатда технологик тараққиётга, фанга, таълимга жуда катта пул тикилади деб ўйлаш мумкин. Сингапурнинг расмий пропагандасига ҳам «тиббиёт ва таълимга пул тикиш»га кўп эътибор қаратилади. Лекин рақамларга қарасак, давлат бюджетидаги энг катта харажат банди қуролли кучларга алоқадор. Моҳиятан битта шаҳардан иборат, 5,5 млн аҳоли яшайдиган мамлакатда 71 минг ҳарбий хизматчи бор. Қиёс учун, 36 млн кишилик Ўзбекистонда 48 минг ҳарбий хизматчи бор.

Сингапурда ижтимоий сиёсат яхши йўлга қўйилмаган. Буни пенсия тизими яқиндагина жорий этилганидан ҳам билса бўлади. Таълим, тиббиёт сингари соҳалар эса давлат бюджетидан кўра кўпроқ хусусий инвестицияларга таянади. Бир томондан, бу ёмон эмас – аслида давлатнинг вазифаси ҳар бир соҳага пул тикиш, уни ривожлантириш эмас, балки назорат олиб бориш, тартибга солиш, имкониятлар яратиб беришдир. Лекин ўзбек интернетида бу борада нотўғри тасаввурлар тарқалганини, бевосита давлатнинг махсус ишлаб чиқилган стратегиялари асосида бу соҳалар ривожланяпти, деган қараш ҳукмронлигини кузатиш мумкин.

Бир сўз билан айтганда, Сингапур ёввойи капитализм ҳукмрон каттакон бозорга ўхшайди: чексиз пул топиш, бизнес қилиш мумкин, аммо одамларнинг қулайлиги, ижтимоий ҳимоя, аҳолини сифатли таълим ва тиббиёт билан бирдай таъминлаш сингари масалаларга приоритет берилмайди.

Сиёсий авторитаризм ва сўз эркинлиги

Сингапур сўз эркинлигини нисбий иқтисодий фаровонликка алмаштирган типик давлат ҳисобланади. «Чегарасиз мухбирлар» ташкилотининг 2022 йилги World Press Freedom Index рейтингида Сингапур сўз эркинлиги бўйича 180 давлат ичида 129-ўринни эгаллади. Шу рўйхатда Ўзбекистон 137-ўринда турибди.

Сингапур юқори технологик утопия образини фаол тарғиб қилишга миллиардлаб доллар сарфлашининг асосий сабабларидан бири, биринчидан, халқар миқёсда, иккинчидан, ички ҳаётда сўз эркинлиги, сиёсий эркинликлар масаласи жиддий кўтарилмаслигидир.

Сингапурда медиа соҳасида ишлаш анчайин хавфли ҳисобланади. Журналистлар ҳатто саммитларда ортиқча ҳаракат қилгани, ортиқча савол бергани учун ҳибсга олиниши мумкин. Медиа деярли тўлиқ ҳукумат назоратида бўлиб, жиддий танқид ва сиёсий баҳслар ҳақидаги хабарлар одатда цензурадан ўтмайди.

Сингапур расман парламентар республика ҳисобланса-да, кўпгина сиёсатшунослар уни «бир партия давлати» деб баҳолайди. Мамлакат ташкил топганидан буён Халқ ҳаракати партияси парламентда кўпчиликни ташкил қилади, ҳукумат шу партия вакилларидан тайинланади. Сингапурнинг биринчи бош вазири Ли Куан Ю 1959 йилдан 1991 йилга қадар шу партиянинг раиси ва айни пайтда ҳукумат раҳбари бўлган. Бугун партия раиси ва ҳукумат раҳбари ким бўлганини топинг-чи? Тўғри, Ли Куан Юнинг ўғли Ли Сян Лун. Улар орасида фаолият юритган Го Чок Тонг ҳам икки лавозимни бир пайтда эгаллаб турган.

Ли Сян Лун
Фото: Etienne Oliveau / Getty Images

Шу тариқа, Сингапурда кўпгина ривожланган демократик давлатларда кузатилмайдиган икки сиёсий феноменни кўриш мумкин:

  • Бир партия етакчилиги, партия раиси айни пайтда мамлакатни бошқариши, бу ҳолат СССРда кузатилган, бугунги кунда эса Хитойда шундай тизим мавжуд;
  • Партия ва мамлакат раҳбарлиги отадан фарзандга мерос бўлиб ўтиши.

Тўғри, кимлардир «сиёсий эркинлик керак эмас, иқтисодий фаровонликнинг ўзи етарли» дейиши мумкин. Аммо, биринчидан, бу фикрга жуда кўплар қўшилмайди. Одам фақат қорнини ўйлайдиган мавжудот эмас, сиёсий эркинликлар, ҳуқуқлар таъминланиши ҳам кўплар учун муҳим аҳамият касб этади. Иккинчидан, сиёсий чекловларни узоқ ушлаб туриш ҳар қандай ривожланган жамиятда ҳам зиддият тўпланишига сабаб бўлиши мумкин, бу алалоқибат жамиятда бўлиниш ва жиддий конфликтларга олиб келиши мумкин. Ниҳоят, тор бир гуруҳ ҳокимиятни эгаллаб туриши ўта хавфлидир – уларга ишониб қолиш ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин. Дейлик, фуқаролар ишонган раҳбар прогрессив технократ, у мамлакатни авторитар йўллар билан ривожлантирмоқда. Эртага, бутун ҳокимият қўлида тўпланиб қолгач, кенг оммада унга қарши қўйилажак куч, таъсир воситалари қолмаганидан сўнг технократик ислоҳотлар тўхтаса нима бўлади? Ёки Россияда кузатилганидек қўшни давлатга сабабсиз уруш очиб юборса?

Сингапур президенти нимага керак?

Сингапурда юзага келган анчайин уникал сиёсий вазият ҳақида тасаввур ҳосил қилдик. Энди бу тизимда президент тутган ўринга тўхталсак.

Мамлакат, юқорида айтилганидек, парламентар республика ҳисобланади; унда бош вазир бошчилигидаги ҳукумат бошқарувни амалга оширади ва барча соҳада ўз сўзини ўтказа олади. Президент эса, расман давлат раҳбари ҳисобланса-да, маросимий лавозим ҳисобланади. Яъни у турли маросимларда, хорижий сафарларда мамлакат вакили сифатида иштирок этади, аммо шу учрашувларда ҳам амалда ҳеч нарсани ҳал қилмайди, ҳукумат билан келишмай туриб ҳеч қандай шартнома, келишув имзолай олмайди.

1991 йилга қадар президентни парламент сайлар эди. Парламент эса, яна такрорлаймиз, амалда битта партиянинг қўлида. Шунинг учун бўлса керак, деярли барча президентлар Халқ ҳаракати партияси вакиллари бўлган.

Бугунги кунда президентнинг ваколатлари бироз кенгайтирилган – молия ва кадрлар масаласида оз сонли ваколатларга эга. Шунингдек, айрим қарорларга вето қўйиши мумкин. Шунингдек, президент халқ томонидан сайланадиган бўлган.

Лекин бу реал вазиятни жиддий ўзгартирмаган: президентлар ҳалиям партия вакилларидан ёки ҳукмрон элитага яқин одамлардан сайланади. Шу жумладан, амалдаги президент Ҳалима Яқуб ҳам бизнинг қоракўзларга туюлгани каби соддагина одам эмас. У ҳам, табиийки, Халқ ҳаракати партиясининг аъзоси ҳамда сиёсий элитага жуда яқин турувчи мулозим. 2013 йилда у ҳукумат раҳбари Ли Сянь Лун томонидан парламент раҳбарлигига таклиф қилинган ва, табиийки, бу лавозимга якдиллик билан сайланган. У Сингапур тарихидаги илк аёл спикер ҳисобланади.

Ҳалима Яқуб шахсияти

Юқоридаги тафсилотлардан ҳам маълум бўлса керак, Сингапурда ҳокимият амалда жуда тор доирадаги сиёсий элитага тегишли; улар технократик авторитаризм воситасида мамлакатни бошқариб, бир тарафдан, мамлакат ривожланишига, фуқаролар фаровон яшашига хизмат қилади, бошқа тарафдан эса ўзлари мамлакатдаги капиталнинг жуда катта қисмига эгалик қилади ва ундан фойдаланади.

Ҳалима Яқуб
Фото: Getty Images

Мамлакатга хорижий инвестициялар оқими тўхтаб қолмаслиги, инсон ҳуқуқлари ва сиёсий эркинликлар билан боғлиқ масалалар кўтарилмаслиги учун бу элита пропагандага жуда катта куч ва пул сарфлайди: коррупцияга қарши аёвсиз кураш, тиббиёт, фан ва таълимга кўрсатилаётган мислсиз эътибор, аёллар, миллий ва диний озчиликлар ҳуқуқлари ҳимояси энг кенг тарқалган пропаганда воситаларидир.

Аммо бу соҳаларнинг ҳар бирида реаллик пропагандадагидан фарқ қилади. Айтайлик, порахўрликка қарши аёвсиз кураш олиб борилишига қарамай, ҳукуматнинг энг юқори қаватида таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик жуда кенг тарқалган, сиёсий элитага мансуб бўлмай туриб юқори лавозимларга сайланиш жуда қийин. Тан олиш керак, бу борада Сингапурда нисбатан мобиллик бор – сиёсий элитага қўшилиш учун доим ҳам яқин қариндош ёки оилавий таниш бўлиш шарт эмас, давлат ишида зўр карьера қилган амалдорларам керакли доираларга қўшила олади.

Ҳалима Яқуб ана шундай меҳнати туфайли юқори лавозимларга эришган аёлдир. Унинг ютуқларини эътироф этган ҳолда, биринчидан, тизимнинг ўзи кўплар ўйлаганчалик соғлом эмаслигини айтиб ўтиш керак. Иккинчидан эса, Ҳалима Яқубнинг муваффақиятлари қисман юқорида айтилган пропаганда воситаси – аёллар, миллий ва диний озчиликлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имижи билан боғлиқ. Ҳалима Яқуб мамлакат тарихидаги биринчи аёл спикер ва аёл президент экани маълум даражада ундан тарихий образ ясалганини кўрсатади. У қандай қилиб президентлик лавозимига келганини билсангиз, бунга амин бўласиз.

Президент сайловидаги «ғалаба»

Гап шундаки, бир-икки ҳаракати билан ўзбеклар меҳрини қозонган бу инсон президентликка сайланмаган. У амалда бу лавозимга келтирилган.

Шу ердан батафсилроқ ҳикоя қилсак. Бу Сингапурда шаклланиб қолган мураккаб элитар тизим ҳамда сиёсий эркинликлар муаммосини хаспўшлаш учун қилинаётган ишларни яхшироқ тушунишга ёрдам беради.

Юқорида айтилганидек, 1991 йилга қадар Сингапурда президентни парламент сайлаган. Ўша йилдан эътиборан бу лавозимни эгаллаш учун сайловчиларнинг кўпчилигининг овозини қозониш талаб этиладиган бўлган. Бу билан расман фуқароларнинг сиёсий эркинликлари кўпайтирилган, фуқаролар орасида сиёсий фаоллик иллюзияси яратилган эди.

Кейинчалик ҳам амалда ҳеч нарсани ҳал қилмайдиган президент лавозимидан фуқароларнинг лояллигини оширишда фойдаланиб келинди. 2017 йилда конституцияга киритилган ўзгартиришга мувофиқ, эндиликда ушбу лавозимга мамлакатда расман тан олинган «ирқлар»нинг вакиллари маълум модель асосида навбатма-навбат сайланиши керак эди. Ҳа, Сингапурда ҳали ҳам ирқ тушунчаси бор, бу термин билан мамлакатда яшайдиган этник гуруҳлар номланади.

Хуллас, ушбу ўзгаришларга мувофиқ, навбат «малай ирқи»га келиб қолган эди. Шу боис амалдаги президент Тони Тан истеъфо берди, унинг ўрнига ўша кезларда парламент спикери бўлиб турган Ҳалима Яқуб номзоди илгари сурилди.

13 сентябрь куни президентликка номзод кўрсатиш муҳлати тугади. 23 сентябрь куни бўлиб ўтиши кутилаётган сайлов бекор қилиниб, Ҳалима Яқуб ғолиб деб эълон қилинди.

Энг қизиқ жойига келдик. Шу ўринда Сингапурда шаклланиб қолган тизимнинг яна бир нуқтасига тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Гап шундаки, президентликка номзод бўлиш учун ё давлат лавозимида маълум муддат ишлаш, ё капитализацияси 371 млн доллардан ошадиган компанияга раҳбар бўлиш керак. Кўриниб турибдики, президентликка исталган одам номзодини кўрсата олмайди: жиддий лавозимларда ишлаш учун одатда ҳукмрон Халқ ҳаракати партиясига мансуб бўлиш талаб этилади; йирик компаниялар раҳбарлари ҳам ё ҳукуматга яқин одамлар, ё камида у билан яхши алоқаларга эга бўлади.

Шу тариқа, бир қарашда президентлик кенг оммага сиёсий фаоллик бағишлайдиган, сиёсий ҳуқуқ берадиган институтга айлантирилган бўлса ҳам, амалда қуруқ пиар эди – ушбу лавозимга номзод бўлиш 99 фоиз аҳоли учун имконсиз, кўпинча лавозимни ҳукуматга ва ҳукмрон партияга яқин одамлар эгаллайди.

Шу сабабдан Ҳалима Яқубдан ташқари номзодини кўрсатган тўрт киши қўйилган қаттиқ талаблардан ўта олмаган ва Сайлов комиссияси томонидан рўйхатга олинмаган эди. Бунинг натижаси ўлароқ Ҳалима Яқуб сайловсиз, автоматик равишда президентликка келтирилган эди.

Хулоса

Аслида Ҳалима Яқубнинг президентликка келиши Сингапур учун ҳар тарафлама ютуқли бўлган – биринчи аёл президент, миллий ва диний озчилик вакили. Лекин президентликка сайланиш билан боғлиқ мураккабликлар, бу лавозимнинг аҳамияти камлиги бу ютуқнинг қадрини тушириб юборади.

Буларни билгандан кейин, Ҳалима Яқубнинг кейинги сайловда қатнашишдан воз кечгани ҳақидаги хабарга ҳам бошқачароқ қарайсан: реал ҳокимиятга эга лавозим бўлганида, балки воз кечмас эди, қолаверса, конституцияга мувофиқ, бошқа «ирқ» вакилининг ҳам президент бўладиган навбати келиб қолган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: