16:45 | 10.01.24

                       

Сирдарёда 2 млрд сўмни ўзлаштирган «Аҳмадбой» қўлга олинди

Фирибгар шахс одамларни ўзи ташкил қилган МЧЖга инвестиция киритса, маблағ онлайн биржага тикилиб, икки баробар бўлиб қайтишига ишонтирган.

Bugun.uz маълумотларига кўра, сирдарёлик 32 ёшли А.У. 2021 йилда ўзининг раҳбарлигида Diamond investment МЧЖ ташкил этган ва ўқув маркази сифатида фаолияти бошланган ушбу МЧЖда фуқароларга биржа тўғрисида дарслар ўтила бошланган. Маълум муддатдан сўнг, ушбу ўқув маркази уставига киритилмаган йўналиш, яъни одамлардан пул олиб, маълум график асосида фоиз ҳисобида кўпайтириб бериш фаолияти билан шуғулланиш амалга оширилган.

А.У. одамларга ушбу МЧЖга инвестиция киритса, маблағ онлайн биржага тикилишини ва икки баробар бўлиб қайтишини айтиб қарийб 2 миллиард сўмдан ортиқ пулларни ўзлаштирган. Бунда у My Insurance суғурта компаниясининг Сирдарё вилоят маркази раҳбари Н.Қ.нинг маслаҳати ва ёрдами билан пулларни суғурта компанияси қайтаришини режа қилиб, ўз фаолиятини ноқонуний расмийлаштирилган полислар билан суғурталаган.

Bugun.uz’да нусхаси мавжуд ҳужжатларга кўра, суғурта полислари тугаб қолган Н.Қ.га Alpha invest суғурта компаниясининг Янгиер шаҳар маркази директори А.М. даромад кўриш илинжида ёрдам кўрсатган.

Бундан ташқари, А.У. 15 бош қўйни параллел равишда икки кишига сотиб юборгани ҳам аниқланган.

Ушбу ҳолат юзасидан бўлиб ўтган суд мажлисида ҳар иккала суғурта компаниялари барча полислар ноқонуний расмийлаштирилганини ва жавобгарлик ходимларнинг бўйнидалигини, компаниялар моддий зарар кўрмаганлигини билдириб кўрсатма берган.

Суд мажлисида А.У. пулларни халқаро биржада ўйналадиган электрон савдога тикканини ва ютқазиб қўйганини, агар унга имкон берилса яна биржа орқали ўйнаб пулларни қайтаришини, йўқса ҳозирда ушбу суммадаги зарарни қоплай олмаслигини билдирган. Шунингдек, у ҳеч кимдан сўрамаганини, одамлар ўзлари келиб пул берганини айтган.

Суд бир қанча тегишли моддалар асосида А.У.га 8 йил 4 ой, Н.Қ.га 8 йил 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш, А.М.га 3 йил муддатга озодликдан чеклаш жазоси тайинлаган. Шунингдек, А.У.ва Н.Қ.лардан солидар тартибда жабрланувчиларга зарар суммаси ундирилиши белгиланган.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: