15:48 | 11.07.24

                       

Сирдарёда 13 ёшли қизнинг жасади топилди

Сирдарёда вояга етмаган қиз ўзининг уйида бўғиб ўлдириб кетилди.

Сирдарё вилояти Янгиер шаҳар «Шукрона» маҳалласида яшовчи 13 ёшли қизнинг ўлими юзасидан жиноий иш очилди. Бу ҳақда Бош прокуратура ахборот хизмати Bugun.uz’га хабар берди.

Маълум қилинишича, фуқаро С.М. 3 июль куни соат 19:00 да уйга келган. У уйнинг меҳмонхонасида қизининг ерда ётган жасадини кўрган. Бу ҳақда Янгиер шаҳар тиббиёт бирлашмасига хабар берган.

Ҳодиса содир бўлган жой тезкор-тергов гуруҳи билан кўздан кечирилганда, ҳодиса жойидан бармоқ излари, икки дона ёстиқ, икки дона пиво спиртли ичимлиги идиши ва икки дона қулфлар ашёвий далил қилиб олинган.

Қизнинг мурдаси ташқи томондан кўзда кечирилганда, пешона ва сонларида кўкимтир қонталашлар, қорнида кўндаланг чизиқли шилинма жароҳатлари борлиги аниқланган. Суд тиббий экспертизасига кўра, вояга етмаган қизнинг ўлимига бўғиш оқибатида келиб чиққан механик асфикция сабаб бўлган.

Мазкур ҳолат юзасидан, Сирдарё вилояти прокуратураси томонидан ЖКнинг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) билан жиноий иш очилган. Жиноят содир этганликда гумон қилинаётган шахсни қидириб топиш бўйича вилоят ИИБ га алоҳида топшириқ белгиланган.

Ҳозирда жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: