13:30 | 09.07.24

                       

Сирдарёда экспертиза хулосасини ўзгартириб бермоқчи  бўлган эркак ушланди

Сирдарёда экспертиза хулосасини МЧЖ рахбари фойдасига ҳал килиб бериш мақсадида 155 минг доллар пора сўраган шахсга жиноят иши қўзғатилди.

Сирдарё вилоятида катта прокурор ва суғурта маркази раҳбари орқали тадбиркорга тегишли экспертиза хулосаларини ўзгартириб беришни ваъда қилган шахс ушланди

Маълум қилинишича, Сирдарё вилоятида техникалар билан хизмат кўрсатишга ихтисослашган МЧЖ раҳбари кўп функцияли бурғулаш ускунаси олиб келиш учун Хитой компаниясининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси орқали шартнома тузган. У 1 миллион 71 минг доллар кредитни ушбу компаниянинг ҳисоб рақамига ўтказиб берган.

Аммо шартнома талабларига зид равишда Хитойдан кўп функцияли ўрнига, бир функцияли бурғулаш ускунаси юборилган.

Прокуратура органлари томонидан хорижий компаниянинг Ўзбекистондаги вакилларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Жиззах вилояти ИИБ томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилган. Жиноят иши доирасида ўтказилган экспертизада мазкур ускуна кўп функцияли эканлигига хулоса берилган.

Натижада бундан норози бўлган тадбиркорга Тошкент шаҳрида яшовчи, 55 ёшли эркак ўзининг мансабдор танишлари орқали ускунанинг бир функцияли эканлиги тўғрисида сохта экспертиза хулосасини тайинлаш бўйича терговчининг қарорини чиқартириб, экспертиза хулосасини унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб беришни таклиф этган. Бунинг эвазига тадбиркордан  155 минг доллар сўраган.

Тезкор тадбир натижасида, эркак 105 минг доллар  олган вақтида ушланди.

Терговга қадар текширув давомида, эркак ушбу масалани Тошкент шаҳар прокуратурасининг маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими катта прокурори ҳамда унинг воситачиси бўлган, Тошкент шаҳридаги суғурта маркази раҳбари орқали ҳал қилиши кераклиги маълум бўлиб, улар ҳам процессуал тартибда ушланди.

Ҳозирда ушбу шахсларга нисбатан Бош прокуратура томонидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.