18:17 | 20.09.24

                       

Скутер ва самокатларда йўл қоидаларини бузганлар жазоланади

Ўзбекистонда скутер ва самокатларда йўл қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган қонун маъқулланди.

Ўзбекистонда скутер ва самокатларда йўл ҳаракати қоидаларини бузганлик учун жавобгарлик кўзда тутилган қонун Сенатнинг 20 сентябрдаги ялпи мажлисида кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Ушбу ҳужжат Қонунчилик палатаси томонидан 16 июль куни қабул қилинган эди. Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда ҳамон сақланиб қолаётган тизимли муаммоларни ҳал этиш ва аҳолига қулайлик яратиш ҳамда қонунларга ҳурмат ҳиссини шакллантириш мақсадида ўзгартиришлар киритилмоқда.

Скутер, индивидуал ҳаракатланиш воситалари ёрдамида ҳуқуқбузарлик содир этганлик учун, жумладан, скутерлар, мопедлар, велосипедларни ҳамда уловли аравани бошқариш, шунингдек, индивидуал ҳаракатланиш воситаларининг ва скутерларнинг ҳайдовчилари томонидан одамларни ташиганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида 2023 йил июнь ойидан бошлаб ўтказилган рейд тадбирларида индивидуал ҳаракатланиш воситалари бошқарувчилари томонидан 200 дан ортиқ йўл ҳаракати қоидалари бузилгани аниқланган.

Қонун билан, шунингдек, юк автомобиллари йўлнинг четки чап қаторида ҳаракатлангани (рухсат этилган ҳоллар бундан мустасно) учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 171-моддаси олтинчи қисм билан тўлдирилиб, унда фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар ҳақида ўз вақтида фуқарони хабардор этиш ва чора кўриш билан боғлиқ янги норма киритилмоқда. Бунда йўл ҳаракати қоидалари бузилишига оид маълумотлар 48 соат ичида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматига юборилиши, акс ҳолда ҳайдовчи маъмурий жавобгарликка тортилмаслиги белгиланмоқда.

Қонун билан тез тиббий ёрдам ва ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг транспорт воситалари томонидан кечиктириб бўлмайдиган хизмат вазифаларини бажарганликни тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилиши талаби бекор қилинмоқда.

Бундан ташқари, йўл-патрул хизмати ходимларининг хизматни ўташ вақтида йўл ҳаракати қоидабузарлигини аниқлаган тақдирда қоидабузарга жойнинг ўзида жарима қўллаши мумкинлигини назарда тутувчи ваколати бекор қилинмоқда.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: