9:50 | 06.09.24
«Ғаниевдан ҳам, Хаитовдан ҳам, Воитовдан ҳам жуда қаттиқ сўров бўлади!». Президент кескин танқид қилган, давлат бюджетидан миллиардлаб пулларни ўмарган собиқ вазир ҳақида нималар маълум?
Олий суд матбуот хизмати 5 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди биносида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва бошқаларга (жами 50 киши) оид жиноят ишини жиноят ишлари бўйича Миробод туман суди томонидан биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича навбатдаги очиқ суд жараёни бўлиб ўтганини эълон қилди.
Хўш, Азиз Воитов ўзи ким? Қачон сайланган ва нима учун хибсга олинган. Bugun.uz воқеалар хронологиясини эслатади.
Шавкат Мирзиёевнинг 2022 йил 29 август кунги фармонига мувофиқ Азиз Воитов қишлоқ хўжалиги вазири лавозимига тасдиқланди. Шу муносабат билан у 2020 йилдан буён эгаллаб турган лавозими — Ўзбекистон инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Шу йили (2022 йил) 5 сентябрь куни бўлиб ўтган йиғилишда Президент бир нечта вазирларни, жумладан, Шуҳрат Ғаниев, Актам Хаитов ва янги вазир Азиз Воитовни ҳам кескин танқид остига олди.
«Аграр соҳада белгилаб олган катта ислоҳотларимизни жадал амалга ошириш биринчи навбатда ушбу соҳа раҳбарлари Ғаниев, Хаитов, янги вазир Воитов ва ўринбосарлари фидойилигига боғлиқ.
Бундан буён Ғаниевдан ҳам, Хаитовдан ҳам, янги вазир Воитовдан ҳам жуда қаттиқ сўров бўлади», — деган эди Президент.
2023 йилнинг октябрь ойида Азиз Воитов лавозимидан озод этилди. Ўшанда ижтимоий тармоқларда Тошкент вилояти ҳокими Зоир Мирзаев Воитовнинг ўрнига қишлоқ хўжалиги вазири этиб тайинланаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Вилоят ҳокимлиги эса мазкур хабарга раддия бериб, ҳоким айни пайтда ўз вазифаси бажараётганини маълум қилганди. Воитовнинг ишдан олиниш сабаби ҳақида эса ҳеч қаерда маълумот берилмади.
Икки ойдан сўнг, яъни 2023 йилнинг декабрь ойида Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири коррупциявий жиноятларни содир этганликда гумонланиб, ҳибсга олинди.
Кўп ўтмай, Bugun.uz манбалари Азиз Воитов ишдан олинишидан аввал Шавкат Мирзиёев бошчилигида ўтказилган ёпиқ селекторда «ҳамма жойни коррупция қилгани учун» давлат раҳбаридан дакки эшитганини маълум қилди. Азиз Воитовнинг селекторда давлат раҳбаридан гап эшитиши махсус хизматлар Президентга собиқ қишлоқ хўжалиги вазири фаолияти билан боғлиқ барча ишлар ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этганидан сўнг юз берган.
Шу куни Олий суд матбуот котиби Азиз Абидов собиқ вазирнинг хибсга олинганини расман эълон қилди.
У Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Яшнобод тумани судида Жиноят кодексининг:
Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси (ушлаб туриш асослари) тартибида ушланган Азиз Воитовга нисбатан Бош прокурор ўринбосарининг қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш тўғрисидаги илтимосномаси тақдим этилган ҳужжатлар билан кўриб чиқилган.
Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг 2023 йил 14 декабрдаги ажрими билан Бош прокурор ўринбосарининг илтимосномаси қаноатлантирилиб, гумон қилинувчи Воитовга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилиб, қамоққа олиниши ва тергов ҳибсхонасига жойлаштирилиши белгиланган.
Орадан қарийб бир йил ўтиб, 2024 йилнинг 15 августида жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитовга нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бошланиши ҳақида Олий суд сайтида эълон қилинди.
Тергов органи Азиз Воитовга Жиноят кодексининг 4 та моддаси бўйича айблов қўйган:
Бу иш доирасида тадбиркорлар Орзубек Отабоевич Ражабов ва Алишер Фазлиддинович Ўрунбоев ҳам судланувчи ҳисобланади.
Маълумот учун, Азиз Воитов 1980 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, 2001 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. 2010 йилда Олий ишбилармонлик мактабида «бизнес бошқаруви» бўйича таҳсил олган.
Воитов 2022 йил август ойи охиридан бери вазир лавозимида ишлаб келаётганди. Бунгача эса – 2020 йил март ойидан бошлаб – Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг (ўша вақтда Сардор Умурзоқов) биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган.
Ирода Жўраева тайёрлади.
Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: