17:11 | 06.08.24

                       

Сочга эрта оқ тушишининг сабаблари маълум қилинди

Сочга эрта оқ тушишининг сабаблари маълум қилинди. Улардан бири сурункали стресс.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати сочнинг эрта оқариши жараёни бўйича маълумот берди.

Қайд этилишича, соч оқариши — кексалик даврида юз берадиган табиий жараён. Бироқ турли омиллар туфайли айримларда бу ҳолат анча олдин ҳам бошланиши мумкин.

«Сочга меланин пигментини ишлаб чиқарадиган меланоцит ҳужайралари ранг беради. Ёш ўтган сайин уларнинг фаоллиги пасайиши туфайли меланин ҳосил бўлиши камаяди ва оқибатда соч оқара бошлайди. Сочга эрта оқ тушишининг энг асосий омили ирсий мойиллик ҳисобланади. Меланоцитларнинг сони ва фаоллиги, аввало, генларга боғлиқ. Агар инсоннинг яқин қариндошларида соч барвақт оқарган бўлса, катта эҳтимол билан унда ҳам бу жараён ёшликдан бошланади», — деди мутахассис.

Сочга эрта оқ оралашига сурункали стресс ҳам сабаб бўлади. Зўриқиш, тез-тез асабийлашиш ҳужайралар, шу жумладан меланоцитлар тезроқ қаришига олиб келади. Оқибатда, соч ўзининг табиий рангини йўқотиб, оқаради.

Бундан ташқари, B12, D3 витаминлари, шунингдек мис, темир ва рух соч ҳамда тери саломатлигини сақлашда муҳим роль ўйнайди. Шу боис уларнинг етишмаслиги меланин ишлаб чиқарилишининг пасайишига олиб келиши мумкин.

Сочда оқ толаларнинг эрта пайдо бўлиши доим ҳам ирсий мойиллик ва стрессга боғлиқ бўлавермайди. Бунга гормонал ўзгаришлар, шунингдек витилиго, ареата алопецияси каби аутоиммун ҳамда гипертиреоз, гипотиреоз ва қалқонсимон без фаолиятининг бузилиши билан боғлиқ бошқа касалликлар ҳам таъсир қилиши мумкин.

Маълумотларга кўра, ҳаво ифлосланиши ва кучли ультрабинафша нурлари, носоғлом турмуш тарзи, чекиш, алкоголь ичимликларни истеъмол қилиш ҳам соч ва терига зарар етказиб, қариш жараёнини тезлаштиради ҳамда сочларнинг эрта оқариш хавфини оширади.

Мавзуга доир хабарлар билан танишинг: