Ўзбекистонлик оғир атлетикачи Мухлиса Aбдуллаевадан олинган допинг-синамада аниқланган тақиқланган модда юзасидан текширув бошланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги хабар берди.

Фото: «Канал24»
Хабарга кўра, 2021 йилнинг март ойида ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати ўтказилган бўлиб, унда 17 ёшли спортчи Мухлиса Aбдуллаевадан (2-ўринни эгаллаган) тегишли тартибда допинг-синама олинган ва олинган допинг-синамада тақиқланган модда аниқланган.
Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги бу бўйича текширув ишларини бошлади.

Эслатиб ўтамиз, Бутунжаҳон антидопинг кодекси талабларига кўра, вазият юзасидан ўрганиш ишлари тугашига ва якуний хулоса чиқарилгунга қадар спортчи барча мусобақаларда қатнашишдан вақтинча четлаштириб турилади.

Аввалроқ ўзбекистонлик самбочи Дилшод Чориев допинг-синамасида тақиқланган модда аниқлангани учун 4 йилга дисквалификация қилинган эди. Шунингдек, колумбиялик оғир атлетикачи 3 йилга дисквалификация қилингани ҳақида ҳабар берилганди.